Вакиллар палатасининг суд ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Жерри Надлер АҚШ президенти Дональд Трампга соддалаштирилган тартибда импичмент эълон қилиш таклифини билдирди. Бу борадаги баёнот унинг ўз сайтига жойлаштирилган, деб хабар беради «РБК».

Фото: Reuters

«Ҳаракат қилиш учун вақтимиз чегараланган. Мамлакат узоқ ва чўзиладиган жараённи кутишга қодир эмас ва мен импичмент моддаларини вакиллар палатасининг тўғридан-тўғри сессиясида овоз бериш жараёнлари орқали чиқаришни қўллаб-қувватлайман», — дейди Надлер.

Надлернинг сўзларига кўра, 6 январь куни Вашингтонда Капитолийга амалга оширилган ҳужумнинг ўзига яраша оқибатлари бўлади. «Ва у Қўшма Штатлар президентидан бошланиши керак», — дейди у.

Шунингдек, Мэриленд штати губернатори Ларри Хоган АҚШ вице-президенти Майкл Пенсни мамлакат бошқарувини ўз қўлига олишга чақирган.

«Трамп истеъфога кетса ёки четлатилса мамлакатга яхши бўлади, вице-президент Пенс эса ҳокимиятни инаугурациягача бўлган кейинги 13 кун давомида тинч йўл билан президент Байденга топширилишини таъминлайди», — дейди Хоган.

Колумбия округи прокурори вазифасини бажарувчи Майк Шервиннинг сўзларига кўра, суд ҳокимияти Вашингтондаги тартибсизликка алоқадор барчанинг ҳаракатини ўрганади.

The Washington Post’нинг ёзишича, прокурордан ҳокимият Капитойлийда Трампни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингда янграган баёнотни текшириш-текширмаслигини сўраган. «Ҳа, биз барча ҳаракатларни кўриб чиқяпмиз [вазиятга алоқадор], нафақат Конгресс биносига кирган одамларни, балки бунда қўшимча ёрдам берган ёки кўмаклашган бошқаларни ҳам. Иштирок этганларнинг ҳар бири ва барчаси учун жиноий жавобгарликни кўриб чиқамиз», — дейди Шервин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини сайловчилар ҳайъати 15 декабрь куни қўллаб-қувватлаб, демократлардан номзод Жо Байденни ғолиб деб эълон қилди. Конгресс якунларни 6 январь куни тасдиқлаши керак эди. Бунга сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трампнинг тарафдорлари халақит берди: улар Конгресс биноси ёнида йиғилиб, ичкарига бостириб кирди. Полиция уларни фақат куч билан қувиб чиқара олди.

Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилиниб, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.