Ўзбекистон шахмат федерацияси гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айлангани ҳақидаги хабарлардан кейин эълон қилинган мақола ва муносабатлар бўйича расмий баёнот берди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова (чапда) ва унинг отаси Алишер Мўминов

Фото: FIDE

Федерация ушбу хабарлар фонида ОАВда эълон қилинган мақолаларни бир ёқлама деб баҳолаган. Шунингдек, терма жамоадан чиқиб кетиш фикри спортчининг ўзига тегишли экани ва бунда бошқаларни айбдор қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

ОАВ орқали тарқатилаётган ҳар қандай хабар мантиқан аввало холис ва барча томонларни эшитиш орқали тарқатилиши лозим. Ахборотга бир ёқлама баҳо бериш ва шу орқали шов-шувли хабар орқали тингловчи фикрини шакллантириш, у ёки бу томон манфаатларига жиддий зарар ёки аксинча, жиддий фойда келтириши мумкин.

Olamsport, «Xabar.uz», «Kun.uz» ва «Daryo.uz» томонидан берилган мақолаларда на Гулруҳбегим ва на федерация томони эшитилган, унинг опаси ва отаси томонидан билдирилган фикрлар билан кифояланилган.

Ҳулкарнинг фикрларига кўра, улар анча йиллардан буён шахмат бўйича терма жамоа таркибида эмас, гўёки чиқариб юборилган. Ваҳоланки, Гулруҳбегим 2019 йилгача шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида бўлган. Ҳар бир спортчи аввало ўз шахсий қизиқиши ва манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади ҳамда ўзи чиқарган қарор учун бошқаларни ёмонотлиқ қилишга ҳаққи йўқ. Қандайдир айбловлари бўлса, буни ўзи ҳеч қандай ўртадаги воситачиларсиз, ортиқча руҳий-ҳиссий беқарорликка берилмасдан айбланаётган томонга ўзи ёки ОАВ орқали билдириши лозим. Акс ҳолда жамоатчиликда ҳам, ҳар иккала томонда ҳам тушунмовчиликлар юзага келиши тайин.

«Дарё» бу борада қизларнинг отаси Алишер Мўминов билан суҳбат қурган, унда Гулруҳбегимнинг опалари Нафиса ва Ҳулкар терма жамоадан чиқариб юборилгани ҳақида айтилганди. Шунингдек, «Дарё» бу борада федерациядан расмий муносабат олиш учун ташкилот расмий сайтида кўрсатилган телефон рақамларига бир неча бор қўнғироқ қилди, бироқ боғланишнинг иложи бўлмаганди.

Шахмат федерацияси блогер Азиз Умарова томонидан билдирилган фикрларнинг ҳар бир бандига ўз муносабатини баён қилди. Ташкилотга кўра, Азиза Умарова таъкидлаган «федерация раҳбарининг қизи» мавжуд эмас. Шунингдек, халқаро шахмат мусобақаларида қатнашадиганлар рўйхати мураббийларнинг чуқур таҳлили асосида чиқарилган хулосалардан кейин масъул шахслар томонидан танланади.

Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳар уч шахматчи аёлларнинг натижалари ва шахматга қўшган ҳиссаларини эътироф этган ҳолда шуни маълум қилиши мумкинки, Азиза Умарова томонидан ижтимоий тармоқлар орқали билдирган фикрлар асоссиз ва бир ёқлама ёндашув ҳисобланади.

Азиза Умарова томонидан билдирилган федерация раҳбарининг қизи ҳақидаги фикр мутлақо ноўрин, чунки, кўтарилаётган зиддиятли масала 2010—2014 йилларга оид ва ушбу йилларда шахмат федерациясига Х.Мирзоҳидов ва А.Султонов раҳбарлик қилган. Раҳбарлардан ҳеч бирининг қизи ёки бошқа яқин қариндошлари шахмат ўйнамаган (ҳаттоки ҳаваскор сифатида ҳам), гап шахмат федерациясининг амалдаги биринчи вице-президенти (Ҳусан Турдалиев) ҳақида бўлса, у 2001—2003 йилларда раҳбарлик қилган ва унинг қизи 2006 йилдан буён шахмат бўйича мусобақаларда мутлақо иштирок этмайди.

Шахмат бўйича терма жамоа федерация Ижроқўмининг жамоавий қарори ҳамда федерация қошидаги мураббийлар кенгашининг ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинган хулосалари асосида шакллантирилади ва бунда ҳар бир шахматчининг сўнгги мусобақаларда эгаллаган ўринлари, имкониятлари ҳисобга олинади. Ушбу жараёнларга бевосита алоқадор масъул шахс сифатида ишонч билан таъкидлашим мумкинки, терма жамоа шаклланишида ҳеч қандай коррупцион тизимлар ва порахўрликка йўл қўйилмайди. Терма жамоа аъзоларидан қайсидир маънода тамагирлик йўли билан моддий ёки натурал товарлар талаб қилинмайди, буни ҳар бир терма жамоа аъзоси виждонан тасдиқлаши мумкин, бунинг учун жавобгарликни федерация ўз зиммасига олади.

Фото: «Olamsport»

Федерация қизларнинг мусобақалардаги иштирокидаги ҳақидаги бандга қўшимча сифатида қизларнинг каттаси Нафиса Мўминовага яратиб берилган шароитлар ҳақида сўз юритди. Унда халқаро мусобақани Тошкентда ўтказиш учун 300 минг доллар ажратилгани ва бу сумма Мўминова халқаро унвон нормаларини бажаришида ёрдам бериши ҳамда мамлакатда аёллар шахматини ривожлантиришга ҳисса қўшиши ҳақида гап борган. Бу пуллар айнан нималарга ва қанча миқдорда ишлатилгани очиқланмаган.

Нафиса Мўминова халқаро унвон норма талабларини бажаришига ҳар томонлама кўмаклашиш ва аёллар шахматини яна-да ривожлантириш учун умумий миқдори 300 000 (уч юз минг) доллар бўлган аёллар ўртасида Тошкент шаҳрида «FIDE Гран-При»си ташкил этилган. Ушбу Гран-Прига мезбонлик қилиш имкониятларидан бири шунда эдики, мезбон давлат вакили кейинги тўрт мусобақада федерация номидан иштирок этиши ва ушбу мусобақаларда фақатгина иштирок этганлигининг ўзи учун бир неча минг АҚШ доллари миқдорида маблағни қўлга киритиши белгилаб қўйилган. Ана шу имкониятдан Ўзбекистон вакили сифатида Нафиса Мўминова фойдаланиб, Ханти-Мансиск (Россия), Лопота (Грузия), Шаржа (БАА) шаҳарларида ўтказилган мусобақаларда федерация номидан иштирок этган ва бир неча минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига эга бўлган. Афсуски, ушбу мусобақаларда сўнгги ўринларни қўлга киритган ва кейинчалик мусобақаларга таклиф этилмаган. Шунингдек, ушбу мусобақага тайёргарлик доирасида Нафиса Мўминова учун федерация томонидан малакали мураббийлар жалб қилинган ҳолда Владимир Егин бошчилигида Тошкент вилоятида жойлашган санаторийлардан бирида ўқув-йиғин машғулоти ташкил этилган. Нафиса Мўминова ҳамда Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2016 йил Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Миллатлар Кубогида муносиб иштирок этиб, жамоавий баҳсларда терма жамоалар орасида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалларига сазовор бўлган.

Фото: Telegram / @Nazlobudnya_AU

Федерация уч опа-сингилнинг Олимпиада бормагани ҳақидаги бандга ҳам муносабат билдирган. Умарова келтирган мақолада опа-сингиллар рейтингда энг баланд ўринни эгаллаган бўлса-да, Олимпиадага уларнинг фақат бир нафари йўл олиши айтилгани ва бу уларда норозилик кайфиятини уйғотганини таъкидланган. Федерация эса иштирокчиларни танлашда рейтинг натижаларига эмас, юқорида айтилганидек, федерациядаги масъул шахсларнинг қарори рол ўйнашини келтирган. Ваҳоланки, Умарованинг мақоласида опа-сингиллар спорт принципларининг бузилганидан норози бўлганини англаш мумкин.

Шунингдек, федерация бу ҳолатда Алишер Мўминов ўз қизларига босим ўтказгани, Олимпиададан кейин қизлар ташкилот вакилларидан узр сўрагани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистон шахмат федерацияси Ижроқўмининг 2014 йил 2 июнь кунидаги йиғилишида ушбу масала кўриб чиқилиб, шахсан шахматчиларнинг отаси Алишер Мўминов ҳамда Нафиса Мўминова таклиф қилинган ва уларнинг иштирокида муҳокама қилинган. Алишер Мўминовнинг талаби бўйича унинг ҳар уч қизи терма жамоа таркибида Олимпиада ўйинларида иштирок этиши шарт, ёки ҳар уч қизи иштирок этади, ёки ҳеч бири иштирок этмайди. Унинг бу талаблари ижроқўм аъзолари томонидан рад этилди, чунки бу талаб ўта шахсий бўлиб, ҳеч бир мантиққа тўғри келмас эди. Агар ҳақиқатдан ҳам умум Ўзбекистон ва ватан манфаатлари ҳисобга олинганда мураббийлар кенгашининг чуқур таҳлил ва хулосаларига асосан тузилган Олимпиада терма жамоасига нисбатан эътироз бўлмасди.

Алишер Мўминовнинг фарзандларига қилган ноўрин босими натижасида терма жамоа Олимпиадада уларсиз иштирок этди. Аммо Олимпиада ўйинларидан терма жамоа аъзолари қайтганидан сўнг уч опа сингил шахматчилар федерацияга ташриф буюриб, ушбу қилмишлари учун кечирим сўраб, келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслигини билдирди ва келгуси мусобақаларда иштирок этишда амалий ёрдам сўраган. Бу суҳбат жараёнида бевосита иштирок этган таниқли мураббий Владимир Егин ушбу ҳолатни тасдиқлади.

Алишер Мўминов томонидан федерация фаолиятига тўсқинлик қиладиган турли туҳмат ва бўҳтон хабарларни мунтазам тарқатиши, жамоатчиликда федерация фаолиятига нисбатан салбий муносабат шакллантиришга уринишига қарши муносабат билдириш нуқтаи назаридан, федерация манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судига 2017 йилда мурожаат қилинган. Кўриб чиқилган 1-2532/17-сонли суд ишида Алишер Мўминовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Фото: FIDE

Гулруҳбегимнинг Жаҳон Кубогидаги иштирокдан кейин Тошкент аэропортида кутиб олинмаганига муносабат билдирилар экан, бу вақтда ташкилот вакиллари Тошкентда ўтказиладиган мусобақанинг ташкилий ишлари билан банд бўлгани, шунингдек, Тоҳиржонованинг қачон етиб келиши борасида унинг оиласидан аниқ маълумот берилмагани айтилган.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова кейинги йилларда ҳам ҳақиқатдан кўплаб мусобақаларда иштирок этди. Хусусан, федерация томонидан 2017 йили ёпиқ иншоотларда ташкил этилган Осиё ўйинларида (Туркманистон), 2017 йилда 20 ёшгача қизлар ўртасида Жаҳон чемпионатида (Италия), 2018 йили Осиё Миллатлар Кубогида (Эрон), 2018 йили Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида (Грузия), 2018 йили 20 ёшгача қизлар ўртасида Жаҳон чемпионатида (Туркия), 2019 йил Гибралтар халқаро шахмат мусобақасида (Англия) иштирок этди ва бу мусобақаларнинг барчаси федерация кўмагида тўлиқ молиялаштирилган. Бундан ташқари сўнгги йилларда халқаро майдонда кўзга кўринган шахмат мутахассислари иштирокида доимий ўқув-йиғин машғулотлари ташкил этилиб, ушбу машғулотларда ҳам Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг фаол иштироки таъминланган.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова иштирок этган мусобақа Жаҳон чемпионати эмас, балки, Жаҳон Кубоги ва у ярим финалгача эмас чорак финалгача дона сурган. Унинг муваффақиятларини эътироф этган ҳолда, шуни таъкидлаш лозимки, Гулруҳбегим Тоҳиржоновани аэропортда кутиб олиш масаласи унинг қачон ва қайси рейс билан келишига улар томонидан аниқлик киритилмаган. Федерациянинг барча ходимлари ушбу вақтларда Тошкентда илк бор ташкил этилган нуфузли мусобақа — Ғарбий Осиё чемпионатининг ташкилий жараёнларига жалб қилинган. Унинг Тошкентга келгани ҳақидаги маълумот тасдиқланиши билан Ғарбий Осиё чемпионатининг очилиш маросимига Гулруҳбегим Тоҳиржонова таклиф қилиниб, барча чет эллик нуфузли меҳмонлар иштирокида тантанали равишда тақдирланган ва федерациянинг олтин медали топширилган. Гулруҳбегим Тоҳиржоновага ушбу муваффақияти учун квартира калити ёки автомашина совға қилиш федерациянинг моддий имкониятлари доирасидан ташқарида, чунки федерация жамоатчилик ташкилоти ва фаолияти ҳомийлик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Аммо ҳар бир эришилган натижа муносиб тақдирланиши учун ҳамкор ташкилотлар олдида федерация ҳамиша шахматчилар манфаатини ҳимоя қилиб келган ва бундан кейин ҳам ҳимоя қилишда давом этади.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон шахмат федерацияси Ижроқўми қарори асосида 2018 йил якунлари бўйича «Йилнинг энг яхши ёш шахматчиси» ҳамда 2019 йил якунлари бўйича «Йилнинг энг яхши аёл шахматчиси» номинацияларида ғолиб деб топилган ва моддий рағбатлантирилган.

Шахмат федерацияси баёноти

Муносабат сўнгида шахмат федерацияси опа-сингилларга омад тилаб, доимий қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.

Аввалроқ Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг Миссури университети жамоасида дона сураётгани ва энди халқаро мусобақаларда АҚШ номидан қатнашиши маълум бўлганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!