Самарқанд вилоятидаги онлайн аукционда савдога қўйилган қимматбаҳо авторақам аллақачон Самарқанд шаҳри кўчаларида ҳаракатланаётган автомобиллардан бирига тақилгани акс этган сурат тарқалди. Ижтимоий тармоқдаги яна бир видеода эса бошқа бир автомобилда худди шу авторақам (30 Z 777 ZZ) борлигини кўриш мумкин. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати бу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу давлат рақам белгиси — 30 Z 777 ZZ вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида сақланмоқда.
«Самарқанд кўчаларида тақиб юрилган Malibu русумли машинадаги рақам фотошоп дастури орқали қўйилган. Ушбу рақам аукцион орқали сотиб олган фуқарога тегишли тартибда расмийлаштирилади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби ҳақиқатга яқин бўлмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Шунингдек, идора матбуот хизмати кейинроқ тарқалган иккинчи видео юзасидан изоҳ берган.«Ушбу рақам оқ рангли Malibu автомашинасига қўлбола ясаб ўрнатилганлиги акс этган видео ҳам тарқалди. Ҳозирда ушбу ҳайдовчини аниқлаш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, айни дақиқаларда 30 Z 777 ZZ давлат рақами учун онлайн аукцион давом этмоқда ва бу рақамнинг нархи 596 миллион сўмга етган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган бир йил ичида 262,6 миллиард сўмлик чиройли авторақамлар сотилгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.
Изоҳ (0)