Mercedes-Benz Espana заводининг собиқ ходими оммавий ишдан бўшатишларга норозилик сифатида немис маркасининг 50 дан ортиқ автомобилини яксон қилди. 38 ёшли эркак Cat фронтал юклагичини миниб қочиб, Витория-Гастейс шаҳридаги Mercedes-Benz фабрикасига борган ва дарвозани бузиб кириб, янги минивэнларга шикаст етказган, деб хабар беради Motor.
Испаниянинг Витория-Гастейс шаҳрида жойлашган Mercedes-Benz заводи ғазабга минган собиқ ходимнинг ҳаракатларидан 31 декабрга ўтар кечаси жабр кўрган. Vito/e-Vito тижорий фургонлари, V-Class/EQV минивэнлари ва унинг модификациялари ишлаб чиқариладиган фабрика Caterpillar оғир юкларни ортишга мўлжалланган машина ҳужумига учраган — махсус техника умумий қиймати 2 миллион евродан ошадиган 50 дан ортиқ минивэнларга шикаст етказган.
Испаниялик журналистларнинг аниқлашича, махсус техникани бунга қадар Mercedes-Benz заводида ишлаган, бироқ ишлаб чиқаришни оптималлаштириш доирасида бўшатилган 38 ёшли эркак бошқарган. «Қасоскор» Витория яқинидаги махсус техникани миниб қочиб, 21 километр йўлни босиб ўтган, ҳаракатланиш вақтида йўл белгилари ва автотураргоҳдаги автомобилларга шикаст етказган.
Енгил дарвоза билан ҳимояланган Mercedes-Benz Espana заводига кириш қийинчилик туғдирмаган. Полиция етиб келгунига қадар эркак 50 дан ортиқ янги минивэнларни пачоқлашга улгурган. Айрим машиналарга шу қадар жиддий шикаст етганидан, уларни қайта таъмирлаб бўлмайди.
Эркак Mercedes-Benz’нинг йиғиш линиясига киришга улгурмаган — унинг асл мақсади шу ер бўлган. Таъкидланишича, яқинда заводда замонавий роботлар пайдо бўлган бўлиб, шу сабабли раҳбарият ишчилар сонини қисқартиришга қарор қилган.
Испания ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари «бульдозер» ҳайдовчисини қўлга олиб, унга нисбатан айблов эълон қилинган. Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳозирда етказилган зарарнинг аниқ қиймати баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)