Болалар аввалгисига қараганда Британияда аниқланган коронавируснинг янги штаммига чалинишга мойилроқ эканлиги аниқланди. Бу ҳақда Лондон Империал коллежи профессори Венди Барклай маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК» Daily Mail’га таяниб.

Фото: AP Photo

Унинг сўзларига кўра, коронавируснинг аввалги вариантида вируснинг ҳужайрага кириш нуқтаси бўлган ACE2 рецептори билан боғланиши қийин бўлган. Шунинг учун юқори нафас йўлларида кўплаб ACE2 бўлган катталар «осон нишон» бўлган, болаларнинг эса касалликка чалиниши эҳтимоли кам бўлган.

Янги штаммда ҳужайраларга кириб бориш қобилияти юқори, шунинг учун болалар ҳам катталар каби вирусга чалиниши осон, деб тушунтирган Барклай. Коллеж профессори Нил Фергюсон шу орқали болалар орасида вирусга чалиниш ҳолатлари кўпайганини изоҳлаш мумкинлигини айтган.

Коронавируснинг янги штамми болалар учун юқумлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида Империал коллежи шу ҳафта бошида маълум қилган. Ўшанда олимлар касалликнинг кўпайишига олиб келадиган механизмни тушунмаганини, лекин бу ҳақда статистик маълумотлар гувоҳлик бераётгани билдирган. Фергюсон вируснинг янги тури биринчи вариантга нисбатан 15 ёшгача бўлган болалар орасида кўпроқ аниқланаётганини маълум қилган.

Шу билан бирга, Барклай янги штаммга фақатгина болалар чалинади, деб бўлмаслигини таъкидлаган.

Буюк Британия Жамоатчилик соғлиғини сақлаш хизматининг маълумотларига кўра, SARS-CoV-2’нинг янги штамми қиролликда ноябрь ойидан буён фаол тарқалмоқда. Мамлакат бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.

ЖССТ 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда. Ушбу штамм Франция ва Японияда ҳам қайд этилди, Германия ва Швейцарияда ҳам коронавируснинг «британча штамми», Нигерияда эса бутунлай янги мутацияси аниқланди.

23 декабрь куни Буюк Британияда коронавируснинг Жанубий Африка Республикасидан кириб келган яна бир янги штамми аниқланди. У  Британияда аввалроқ аниқланган штаммдан кўра кўпроқ мутацияга учраган.