Барчамиз учун жуда қийин кечган 2020 йилнинг ўн биринчи ойини ҳам ниҳоясига етказдик. Хўш, бу ой нималар билан ёдимизда қолди? Одатдагидек, ой давомида жаҳонда содир бўлган муҳим воқеалар ҳақида қуйида қисқача ҳикоя қиламиз.

Мавзуга доир:

Қорабоғда уруш тугади

Шу йилнинг 27 сентябрида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақасида бошланган ҳарбий ҳаракатлар 10 ноябрь куни ўз ниҳоясига етди. 10 ноябрь куни Арманистон бош вазири Россия ва Озарбайжон раҳбарлари билан биргаликда ўт очишни тўхтатиш ва тинчликпарвар кучларни Тоғли Қорабоғга киритиш тўғрисида уч томонлама битим имзолади. Арманистонда бу таслим бўлиш деб қабул қилинди. 11 ноябрь куни Пашиняннинг истеъфосини талаб қилган кенг миқёсли намойишлар бўлиб ўтди.

Фото: AP Photo

Аммо бу билан мазкур можаро борасидаги фикрлар тўхтамади. Франция Сенати мамлакатдаги бир қатор фаоллар томонидан қилинган турли мурожаатлардан кейин Қорабоғ мустақиллигини тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Бир киши резолюцияга қарши овоз берди, 305 киши уни қўллаб-қувватлади.

Франция Сенати Озарбайжон қуролли кучлари ва уларнинг тарафдорларини 27 сентябрдан бери минтақада ўтказилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида тортиб олинган ҳудудлардан зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирди. Сенат Туркия ҳукумати ва чет эллик ёлланма аскарлар кўмагида амалга оширилган Озарбайжоннинг ҳарбий тажовузини қоралади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ушбу резолюцияни «тарихий қарор» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғни тан олиш халқаро кун тартибига киради. Бунга жавобан Франциянинг Бокудаги элчиси Закари Гросс 26 ноябрь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, унга Франция Сенати томонидан 25 ноябрь куни Тоғли Қорабоғ бўйича қабул қилинган резолюция сабабли норозилик нотаси топширилди.

«Франция элчисига Сенатнинг қарори халқаро қонунчиликка, БМТ низомига, Хельсинки якуний актига, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1993 йилдаги қарорларига зид экани тўғрисида хабар берилди», дея маълум қилди Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги.

Ўз навбатида, элчи Парижни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг позицияси тўғрисида хабардор қилиши ҳақида айтди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Жан-Батист Лемуаннинг фикрича, Франциянинг Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бир томонлама тан олиши ҳеч кимга фойдали бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам Франция ҳукумати, Ереван ва Парижнинг бошқа шериклари сиёсатини акс эттирмайди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги Франциянинг ўз-ўзини республика деб эълон қилган Тоғли Қорабоғни тан олмаслигини маълум қилди.

Фото: «Взгляд.аз»

«25 ноябрь куни Сенат резолюция қабул қилди, у Франция ҳукуматини Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олишга чақиради. Овоз беришдан олдин бўлиб ўтган мунозараларда ТИВ ҳузуридаги давлат котиби Жан-Батист Лемуан ушбу масала бўйича Франция ҳукумати позициясини маълум қилди, дейилди коммюникеда, – Франция ўз-ўзини республика деб эълон қилган Тоғли Қорабоғни тан олмайди».

Ядро физик ўлдириб кетилди

Ойнинг яна бир шов-шувли хабари Теҳрон яқинида мамлакатнинг етакчи ядро физиги Муҳсин Фахризода суиқасд оқибатида ўлдирилиши бўлди.

Эрон мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Фахризода машинасига террорчилар ҳужум қилди. Олим унинг қўриқчилари ва ҳужумчилар ўртасидаги отишмада жиддий жароҳат олди ва кейинчалик касалхонада вафот этди. Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зарифнинг айтишича, жиноят содир этилган ҳолат ортида Исроил турган бўлиши эҳтимоли бор, деган фикрга келишга асос бўлиши мумкин.

Фахризода Эрон ядро дастурининг етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири эди, 2018 йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху олимни Теҳроннинг барча ядро лойиҳасининг раҳбари эканини айтган эди. ОАВлар уни «Эронлик Оппенгеймер» ва «Эрон бомбасининг отаси» деб атарди. Қайд этиш жоизки, Эронда ядро қуроли ҳозирча яратилмади.

Мазкур воқеа ортидан Эрон ҳукумати мамлакат Мудофаа вазирлиги олимнинг ўлдирилишига жавоб қайтаришга ваъда берди. Бу каби баёнот билан Эрон олий етакчисининг маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон чиқиш қилди. Шунингдек, Эрон президенти Хасан Руҳоний ҳам ядро физигининг ўлими жавобсиз қолмаслигини маълум қилди. «Мазкур жиноят жавобсиз қолмайди, ўз вақтида унга жавоб қайтарилади», дейди руҳоний.

Фото: Меҳр агентлиги

Минтақада лидерликка даъвогар давлатлардан бири Туркия мазкур воқеа юзасидан ўз қарашларини билдириб ўтди. Жумладан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши туфайли минтақадаги вазиятни кескинлаштирмасликни сўради. Туркия ТИВнинг муносабати идора сайтида эълон қилинди.

«Биз барча томонларни оқилона ва вазминлик билан ҳаракат қилиб, минтақада низони кучайтиришга олиб келувчи ишларга қўл урмасликка чақирамиз», дейилади хабарда.

ТИВ қотилликни қоралаб, марҳумнинг оиласига ва Эрон ҳукуматига таъзия билдирди.

Афғонистонда портлаш

Шу йилнинг 29 ноябрь куни Афғонистоннинг Ғазни шаҳрида портлаш юз берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 28 киши ҳалок бўлди, 19 киши жароҳат олди. Гувоҳлар хавфсизлик хизмати ходимлари ва жангарилар ўртасидаги тўқнашув бўлганини маълум қилди. Афғонистон қуролли кучлари базаси яқинида худкуш-террорчи бўлган автомашина портлади. Маҳаллий касалхона раҳбари жабрланганларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар эканини маълум қилди. Ҳали биронта гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Ноябрь ойи бошида қуролланган шахслар Кобулдаги университетга ҳужум қилганди. Оқибатда, 19 киши ҳалок бўлиб, 22 киши жароҳатланганди. Теракт туфайли мамлакат ҳукумати мотам эълон қилди.

Коронаинфо

Коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сўнгги икки ойда кескин суратда ўсишда давом этмоқда. Жумладан, ой давомида касаллар сони қуйидаги кўринишда ўсди: 5 ноябрь куни 48 миллион, 9 ноябрь куни 50 миллион, 14 ноябрь куни 53 миллион, 26 ноябрь куни 60 миллион, 28 ноябрь куни эса 61 миллион кишидан ортиб кетди. 29 ноябрь ҳолатига келиб, дунёда COVID-19’га чалинганлар сони 62 миллиондан ошди. Маълумот Жон Ҳопкинс университети томонидан тақдим этилди.

Фото: AP Photo

Инфекция жами 62 094 127 кишида аниқланди. Энг кўп касалланиш ҳолатлари АҚШда қайд этилди — 13,2 миллионта. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (9,5 миллион), учинчи ўринда — Бразилия (6,2 миллион). Етакчи мамлакатлар бешлигидан Франция (2,26 миллион) ва Россия (тезкор штаб маълумотларига кўра 2,24 миллион) ҳам жой олди.

Пандемия бошидан буён дунёда 1,4 миллион киши коронавирусдан вафот этди. Ўлим ҳолатлари бўйича ҳам АҚШ етакчи бўлиб қолмоқда, мамлакатда коронавирусга чалинган 266 минг киши вафот этди. Ундан кейинда Бразилия (171,9 минг), Ҳиндистон (136,2 минг), Мексика (104,2 минг) ва Британия (58,1 минг) бормоқда.

Мазкур ой давомида касалликка қарши вакциналар яратилиши борасида ҳам бир қатор янгиликлар бўлди. Жумладан, АҚШнинг Pfizer компанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган COVID-19’га қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этишини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу вакцинанинг дозаси АҚШ учун 19,5 долларни ташкил этади (иккала компонентнинг қабул қилиниши 39 долларга тушади), бошқа бир Америка компанияси Moderna вакцинасининг бир дозаси нархи эса 25-37 долларни ташкил қилади.

Россиянинг коронавирусга қарши «Sputnik V» вакцинаси самарадорлиги 95 фоиздан ошгани маълум қилинган. Унинг иккита дозаси нархи халқаро бозор учун, тахминан, 20 долларни ташкил қилади, россияликлар учун вакцина бепул бўлади. Бир қатор ОАВлар берган хабарларга кўра, United Airlines авиакомпанияси коронавирусга қарши Pfizer вакцинасини АҚШ ва Европа омборларида етказишни бошлади.

Маълумотларга кўра, бу тегишли органлар дори воситасини тасдиқлаганидан сўнг, имкони борича аҳолини тезроқ вакцинациядан ўтказиш учун амалга оширилмоқда. Вакциналар Мичиган штатидаги ва Бельгиядаги омборларга етказилмоқда. Кейинроқ Висконсин ва Германияга ҳам шу каби етказиб беришлар амалга оширилиши режалаштирилди.

Вакцинани етказиб бериш учун авиакомпания қонунда белгиланганидан беш баробар кўпроқ (6,8 тонна) қуруқ музни ташишга рухсат сўради. Бу самолёт бортида вакцинани сақлаш учун хавфсиз ҳароратни таъминлаш учун зарур.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.