Франциянинг Лион шаҳрида юз берган отишмада бир киши жароҳат олди, деб хабар берди маҳаллий Le Progres нашрига таяниб Meduza.
Гувоҳларнинг айтишича, Лионнинг еттинчи туманида жойлашган грек православ черкови ёнида икки марта ўқ узилган. Ҳужум қилган шахс черков эшигини ёпаётган православ руҳонийсини яралаган, деб хабар бермоқда Reuters. Жиноятчи милтиқдан ўқ узгани таъкидланган.
AFP’нинг ёзишича жабрланувчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Руҳоний жиноятчини танимаслигини айтган.
Полиция ўт очган жиноятчини қидирмоқда. Шунингдек, аҳоли ушбу ҳудуддан узоқ бўлишга чақирилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Франциянинг Ницца шаҳридаги Нотр-Дам ибодатхонасида қуролланган эркак одамларга ҳужум қилиб, уч кишини ўлдирди. Жиноятчи 21 ёшли тунислик бўлиб чиқди. Франция ҳукумати Ниццадаги ҳужумни теракт деб баҳолади, мамлакатда террористик хавфнинг энг юқори даражаси эълон қилинди.
29 октябрнинг ўзида Франциянинг Авиньон шаҳрида пичоқ билан қуролланган эркак «Аллоҳу акбар» деб қичқириб, полициячиларга ҳужум қилишга уринган. Полициячилар ўт очган ва ҳужум қилган эркакни ўлдирган. Деярли бир вақтда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Франция консуллигига ҳужум уюштирилган, консуллик қўриқчиси жароҳат олган. Ҳужум қилган эркак қўлга олинган. Бундан ташқари, Францияда Лион шаҳрида ҳам содир бўлиши мумкин бўлган яна бир тажовузкор ҳаракатнинг олди олинган.
Шунингдек, 30 октябрда Париж шаҳрида қуролланган эркак полициячиларга ҳужум қилишга урингани хабар қилинди.
Изоҳ (0)