Индонезиянинг марказий Сулавеси провинциясида 17 август куни 6 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат туфайли камида 29 киши жароҳатланди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар агентлигига кўра, зилзила эпитцентри 1 километр чуқурликда жойлашгани сабабли зарба кучли бўлган. Икки киши оғир аҳволда бўлиб, касалхонага ётқизилган. Сулавеси провинциясидаги бир черков вайрон бўлган, яна бир черковнинг таъмирланаётган қисми қулаб тушиб, бир неча одамни босиб қолган.
Посо шаҳридан олинган видеоларда зилзила чоғида черков жамоаси ибодат қилаётган пайтда силкиниш бошлангани, одамлар ваҳимада чиқиб кетишга урингани акс этган. ФВВга кўра, ҳозирча ўлим ҳолатлари ҳақида хабар қилинмаган. Цунами хавфи ҳам эълон қилинмаган.
Маълумот ўрнида, Индонезия сейсмик жиҳатдан фаол “Тинч океани олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашгани сабабли мамлакатда тез-тез зилзила ва вулқон отилиши содир бўлиб туради. Хусусан, 2022 йилда Ғарбий Явадаги 5,6 магнитудали зилзилада 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 7 мингдан зиёд одам жароҳатланган ва ўн минглаб уйлар вайрон бўлганди.
Изоҳ (0)