Telegram’даги «Эхо Узбекистана» каналида UzAuto Motors компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларни олиб кетаётган автовоз аварияга учрагани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Фото: Telegram / «Эхо Узбекистана»

Видеодан кўриш мумкинки, Андижон вилоятига тегишли давлат рақамига эга автовоз йўлда ҳаракатланиш вақтида бошқа бир юк машинаси билан йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Автовоз устидаги Nexia ва Cobalt автомобилларига жиддий зарар етган, айримларининг орқа бампери осилиб қолган бўлса, баъзиларининг юкхонаси пачоқланган.

Фото: Telegram / «Эхо Узбекистана»

Авария нима сабабдан ва кимнинг айби билан юзага келгани тўғрисида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги автомобиль нархлари билан боғлиқ суд жараёни 2 октябрь кунидан буён давом этмоқда. 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаган.