Арманистон тинчликпарварларнинг, хусусан, улар россиялик бўлса ҳам Қорабоғ низосига аралашувига қарши эмас. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян маълум қилган, деб ёзмоқда «Интерфакс».
«Биз учун ҳудудга тинчликпарварларнинг кириши меъёрий ҳолат. Озарбайжоннинг тинчликпарварлар ҳақидаги фикрлари Арманистоннинг бу борадаги қарашларидан фарқ қилади. Ўзаро келишувнинг амалга ошишига келсак, россиялик тинчликпарварларнинг бўлиши низонинг ҳал этилишини таъминлаши мумкин. Россия Озарбайжон билан ҳам, Арманистон билан ҳам яхши дипломатик муносабатларга эга. Минтақадаги бошқа мамлакатларнинг фикрини ҳам инобатга олиш керак, муҳими ҳақиқатда тинчликпарвар бўлганлар ҳудуддаги ҳолатнинг барқарорлашувини таъминлаши керак, аксинча бўлмаслиги зарур», – деган Пашинян.
Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар тинчликка эришиш учун қилинган иккита уринишга қарамасдан, 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Озарбайжон ва Арманистон 10 октябрь куни соат 12:00 дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олганди. Аммо шу куни кейинроқ Арманистон ва Озарбайжон Мудофаа вазирликлари бир-бирини Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда айблади.
19 октябрда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғдаги можаро бўйича музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилган. Кейинроқ Пашинян Тоғли Қорабоғда Россия учун бевосита хавф солувчи Сурия террорчилик гуруҳлари жангарилари бўлганлиги учун Москва у ерда аксилтеррорчилик операцияларини ўтказиш учун асосга эга эканлигини айтган.
Туркия эса Боку илтимос қилса, «иккиланмасдан» Озарбайжонга аскарларини жўнатиши ва ҳарбий кўмак беришини маълум қилди.
Изоҳ (0)