Жўқорғи Кенеш (Қирғизистон парламенти)га қайта сайловлар 2020 йил 20 декабрда бўлиб ўтиши белгиланган эди. «Интерфакс»нинг хабар беришича, депутатлар мамлакат парламентига такрорий сайловлар ўтказиш санасини кейинга қолдирди.
Хабарда айтилишича, депутатлар янги қонун лойиҳасини қабул қилган бўлиб, унга кўра мамлакатда дастлаб конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Қонун лойиҳасида сайловларнинг кейинга қолдирилиши мамлакатда юзага келган оғир вазият, бюджетнинг даромад қисми пасайиши ва эпидемиологик вазият билан изоҳланган.
Парламент сайловларини ўтказишнинг янги санаси 2021 йил 1 июндан кечиктирмай белгиланади. Бу қарорни парламентнинг 120 нафар депутатидан 83 нафари қўллаб қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда парламент сайловларидан сўнг юзага келган тартибсизликлар шароитида мамлакат бош вазири Қубатбек Бўронов, президент Сўронбай Жээнбеков ўз лавозимларини тарк этди. Мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи бош вазир Садир Жапаров бўлди.
Изоҳ (0)