Чехия ҳукумати аксарият чакана савдо дўконларини ёпиш ва COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида айрим хизматларнинг кўрсатилишига чекловлар жорий этди. Тахминларга кўра, чекловлар 3 ноябргача амал қилиши мумкин. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.
Бундан ташқари, ҳукумат фуқароларга фақат ўта зарур ҳолатлардагина кўчага чиқишни тавсия қилмоқда, жумладан, ишга бориш ёки шифокор қабулига келиш учун уйдан чиқишни сўрамоқда. Озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарнинг фаолияти давом эттирилади. Ресторан ва кафелар фақат етказиб бериш хизмати асосида фаолият олиб боради.
Чехия соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула соғлиқни сақлаш тизимининг қуввати яқин кунлар ичида тугаши мумкинлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра тезкор чоралар амалга оширилмаса, ноябрда шифохоналарда беморлар учун койкалар етишмаслиги кузатилиши мумкин.
Чехияда аҳоли сонига нисбатан коронавирус билан касалланиш кўрсаткичи бўйича Европада энг ёмон ҳолатдаги мамлакат. 20 октябрда аҳолиси 10 миллион кишини ташкил қилувчи Чехияда 11984 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган.
Бу Worldometer портали ахбороти бўйича 19 октябрдаги натижадан 3 907 тага кўпроқ. Шунингдек, маълумотларга кўра мамлакатда бир сутка ичида 106 нафар бемор коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган, бу охирги олти кун ичидаги энг ёмон кўрсаткич.
Европада коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини сабаб қайта локдаун эълон қилган биринчи давлат Ирландия бўлган. Ирландияда одамларга 21 октябрдан 1 декабргача зарурат бўлмаган ҳолатларда ўз уйларидан 5 километр масофадан узоқда бўлиш тақиқлаб қўйилган.
Шунингдек, Словения, Уэльс каби давлатларда ҳам коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини туфайли карантин чекловлари қатъийлашган.
Изоҳ (0)