Сирдарёдаги Сардоба сув омборининг ёрилиши оқибатида Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманида сув остида қолиб, вайрон бўлган уйларнинг эгаларига янги уйларнинг калитлари топширилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Фото: Tengrinews

Маълум қилинишича, Мақтаарал туманининг Мирзакент шаҳрида меценат Бўлат Утемуратовнинг жамғармаси томонидан 150 та уй қуриб берилган. Уйлар сув тошқинидан зарар кўрган кишиларга бепул топширилди. Уйларни топшириш маросимида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр ва Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев иштирок этган.

Фото: Tengrinews

Мазкур 150 та уйни қуриш учун жамғарма томонидан 6 миллион доллар ажратилган. Ҳар бирининг майдони 100 квадрат метр бўлган уч хонали уйларга Дўстлик, Жанатурмуш ва Женис қишлоқлари аҳолиси кўчиб келган. Янги мавзеда барча коммуникация ишлари амалга оширилган, болалар боғчаси ва мактаб қуриш ишлари бошланган.

Фото: Tengrinews

Фото: Tengrinews

Туркистон вилояти ҳокими томонидан маълум қилинишича, сув тошқини оқибатида юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтишда ҳудудга бутун мамлакат ёрдам берган.

Эслатиб ўтамиз, Мирзакент шаҳрида қурилган уйларнинг пойдеворини қўйиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этганди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида бўлиб, тошқиндан жабрланган аҳоли билан учрашганди ва улар учун қурилган янги уйларга ташриф буюрганди.