Пандемия бошидан буён дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалинди, деб хабар бермоқда Meduza Жонс Ҳопкинс университетининг 19 октябрдаги маълумотларига таяниб.
Касалланганлар сони бўйича биринчи ўринни АҚШ (8,1 миллион киши), ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (7,5 миллион киши) ва Бразилия (5,2 миллион киши) эгаллаган. Тўртинчи ўринда Россия бўлиб, 1,4 миллион киши COVID-19’га чалингани қайд этилган.
Associated Press’нинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда беморлар сонининг ортиши Европада касалланишнинг кескин ўсиши билан боғлиқ. Агентлик келтирган ЖССТ маълумотларига кўра, Европада сўнгги ҳафтада коронавирусга чалиниш бўйича рекорд даражада — 700 мингта янги ҳолат қайд этилган.
Минтақадаги барча янги касалланиш ҳолатларининг ярмига яқини Буюк Британия, Франция, Россия ва Испанияга тўғри келади.Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб COVID-19’га чалинганлар сони бир ойда 10 миллион кишига ошган.
Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 30 августда 25 миллион, 11 сентябрда 28 миллион, 14 сентябрда 29 миллион, 18 сентябрда 30 миллион, 21 сентябрь куни 31 миллион, 5 октябрь куни 35 миллион, 11 октябрь куни 37 миллион, 14 октябрь куни 38 миллион кишидан ошган эди.
Изоҳ (0)