Киевда YouTube блогер навбатдаги «вақт капсуласига» — 1982 йилда ишлаб чиқарилган бўлса-да, деярли бутун умри давомида гаражда турган «Копейка»га дуч келди. Узоқ йиллар давомида бир жойда туриб қолганига қарамай, 1091 километр йўл босган машина идеал ҳолатда сақланган.

Скриншот: YouTube

Видеодан кўриш мумкинки, «ВАЗ-21013» кузови худди янгидек сақланган. Автомобильда занглаш асоратлари йўқ, жигарранг бўёқ билан қопланган «Копейка» ҳозиргина конвейрдан чиққандек. Бундан ташқари, машина заводдаги эҳтиёт қисмларини тўлиқ сақлаб қолган.

Машинани кўздан кечирган блогер автомобиль юкхонасида ҳали бирор марта ишлатилмаган асбоб-анжомлар жамланмасига дуч келган, салонида «аптечка», ўт ўчиргич, шунингдек, «Беломор» қутиси мавжуд. «Копейка» интерьери қора рангда ишланган. Машина ўриндиқлари қора рангли сунъий чарм билан қопланган бўлиб, унинг устига қизил мато қоплангани сабаб яхши сақланган. Блогернинг сўзларига кўра, салондан ҳамон янги автомобилнинг ҳиди уфуриб турибди.

Мазкур «Копейка» нима сабабдан 38 йил ҳаракатсиз сақланганига сабаблардан бири — автомобиль гаражда ғилдиракларсиз турган. Машинанинг капоти ости ҳам дастлабки ҳолатида сақланган. Модель 64 от кучига эга 1,2 литрли двигатель ёрдамида ҳаракатга келади.

Аввалроқ «Auto.ru» сайтида 46 йил аввал ишлаб чиқарилган «Копейка» 7 минг долларга сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.