Россияда COVID-19 билан касалланиш сурати бир мунча вақт ўсишда давом этади, аммо вазият тез орада ўзгаради. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда Россия Фанлар академияси академиги Виктор Малеев маълум қилди.

Фото: EPA

«Ўйлашимча, ҳозир касалланиш даражаси яна бироз ошади ва биз ‘плато’га яқинлашамиз, кейин эса аста-секин пасая бошлайди, энг юқори чўққига чиқиш ҳолати бўлмаса керак. ‘Плато’ катта эҳтимол билан октябрь бошларида бўлади, кейин эса аста пасайиш бошланади», — деган «Роспотребнадзор» Марказий илмий тадқиқотлар институти директорининг маслаҳатчиси Малеев.

Хабарда айтилишича, «плато» босқичига чиқиш ҳақида COVID-19’га чалинганларнинг баҳорги ўсиши пайтида кунлик касалланишлар сони ҳозирги кўрсаткичлардан ортиқ бўлмасидан аввал ҳам гапира бошланган. Хусусан, 7 апрелда Россияда аниқланган касалланганлар сони 1,1 минг киши атрофига етганда Россия федерал тиббий-биологик агентлиги раҳбари Вероника Скворцова «плато» босқичига чиқишга 10-14 кун қолганлигини айтган. 30 апрель куни (касалланганлар сони 5841 нафар бўлганда) Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакат «плато»га деярли чиқаётганини маълум қилган.

Бироқ 6 май куни (10 559 нафар) Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко «плато»га чиқишга ҳали эрталиги ҳақида огоҳлантирган. Мамлакатда бутун пандемия даврида аниқланган COVID-19’га чалиниш бўйича энг юқори кўрсаткич (11 656) 11 май куни эълон қилинган. 26 май куни президент Владимир Путин эпидемиянинг энг юқори чўққиси ортда қолганини айтган.

Малеевнинг сўзларига кўра, кузда 2020 йил баҳоридаги каби энг юқори кўрсаткичларига етмайди, чунки «одамлар аллақачон иммунитетга эга: кимдир касалланиб бўлган, кимдир эмланган».

28 сентябрь куни коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича тезкор штаб Россияда сўнгги суткада 8135 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган. Сўнгги марта 8 минг кишидан ортиқ касалланиш 16 июнда қайд этилган. Шу куни 8248 кишида COVID-19 аниқланган. Тезкор штаб маълумотларига кўра, мамлакатда бутун пандемия давомида 1 159 573 киши коронавирусга чалинган. Айни пайтда мамлакат коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда.