Грузия бош вазири Георгий Гахария ҳукумат йиғилишида коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини ва вазият расмийлар томонидан назорат қилинишини айтди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».

Фото: РИА Новости

«Бугун аниқланган 57 та ва кеча қайд этилган 44 та касалланиш ҳолати мамлакатда эпидемиологик вазият аста-секин ўзгариб бораётганидан далолат беради.

Кутилганидек иккинчи тўлқин бошланди. Биз жараён кузда бошланишини тахмин қилгандик ва шундай бўлди. Асосийси, ваҳима қилишга асос йўқ, чунки биз вазиятни тўлиқ назорат қиламиз», – деди бош вазир.

Грузияда 10 сентябрь куни 57 кишида коронавирус аниқланиб, кунлик рекорд янгиланди.

Жонс Ҳопкинс университети 10 сентябрь соат 18:00 да берган маълумотига кўра, Грузияда коронавирусга чалинганлар сони 1830 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 1334 нафари соғайган, 18 нафари эса вафот этган.