Наманганда 30 ва 33 ёшли эркакни сабабсиз дўппослаган қизга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълумотларга кўра, 25 июнь куни соат 17:30 да 23 ёшли Г.А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган Норин тумани «Зарбдор» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.А.ни ҳеч бир сабабсиз қасддан қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, дўппослаб тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари, Г.А. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, безорилик ҳаракатларининг олдини олаётган 30 ёшли А.Н.га фаол қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган.

Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода ўзаро жанжаллашаётган фуқароларни ажратмоқчи бўлган аёлнинг ўзи калтаклангани тўғрисида хабар берилганди.