«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
23:57, 27.08.2020 135508

Ўзбекистонда 27 август куни 393 кишида коронавирус аниқланди. Даволаниш кўрсаткичи бўйича рекорд янгиланди

Ўзбекистонда 26 август соат 23:30 дан 27 август соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 393 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет учинчи кун касалланганлар сони 400 нафарга етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 40447 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 298, «Дарё» ҳисоби бўйича 307 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 393 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 241 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 93 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 27 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 15 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 5 нафар;
  • Андижон вилоятида — 4 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 3 нафар;
  • Навоий вилоятида — 3 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди. Фақат Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Хоразмда янги ҳолатлар рўйхатга олинмади.

Тошкент шаҳрида 241 кишида коронавирус аниқланди. Август ойида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (25 август) 61 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатлар билан бирга) 10 250 та янги ҳолат аниқланди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 24 665 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 61 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 93 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда 26 июлдан буён учинчи марта касалланиш ҳолатлари 100 тага етмади, улардан иккитаси охирги икки кунга тўғри келди. Август ойининг 27 куни ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 4106 кишига кўпайди. Вилоятда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 6832 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 16,9 фоизига тенгдир.

Самарқанд вилоятида 27 кишида COVID-19 аниқланди. Август ойининг ортда қолган 27 кунидан 21 тасида Самарқандда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда 734 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда жами касалланиш ҳолатларининг (1672 та) 44 фоизи айнан август ойига тўғри келди.

Қашқадарё вилоятида 15 кишида касаллик қайд этилди. Охирги 9 кун ичида вилоятда фақат 26 август янги беморлар рўйхатга олинмади. Умуман олганда август ойида Қашқадарёда 234 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 25 фоизига тенгдир.

Бухоро вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда август ойида коронавирусга чалинганлар сони 201 кишига кўпайди. Бухородаги жами касалланиш ҳолатларининг 19,5 фоизи август ойига тўғри келди. Бухорода коронавирус юқтириб олганлар орасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор эди, у 22 август куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

Андижон вилоятида 4 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда охирги 42 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Андижонда деярли ҳар куни COVID-19’га чалинганлар аниқланаётган бўлса-да, 16 августдан бери кунлик касалланганлар сони 5 нафардан ошмади. Август ойида вилоятда 187 кишида коронавирус қайд этилди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 1182 нафарга етди.

Сурхондарё вилоятида 3 кишида коронавирус аниқланди. Август ойида вилоятда 87 кишида касаллик қайд этилди. Бу Сурхондарёдаги жами касалланиш ҳолатларининг 14 фоизига тенгдир.

Навоий вилоятида 3 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда август ойида 73 кишида коронавирус аниқланди. Ушбу ойда Навоийда COVID-19 аниқланган кунларда фақат бир марта — 4 август куни кунлик касалланишлар сони 10 тадан кўп (14 та) бўлган. Навоийда касаллик аниқланганлар сони 504 нафарга етди.

Фарғона вилоятида 2 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда жуфт кунларда касаллик қайд этилиши анъанаси якунланди. Бунгача Фарғонада 6, 10, 14, 16, 18, 20 ва 22 август кунларида янги ҳолатлар рўйхатга олинганди. Август ойида Фарғонада 70 кишида коронавирус аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 22 фоизига тенгдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Қашқадарё вилоятида 3 нафар, Тошкент шаҳрида 2 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Вазирлик ахборотларида икки кундан буён ўлим ҳолатлари камаяётганини кўриш мумкин. ССВ 25 август куни 7 кишининг вафоти ҳақида хабар берган бўлса, 26 август куни 6 кишининг ўлими ҳақида ахборот берганди. 27 август куни вафоти маълум қилинган 5 беморнинг бари 36 ёшдан 83 ёшгача бўлган эркаклардир.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 70 ёшли А.М. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 83 ёшли А.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Касби туманида яшаган 45 ёшли Ғ.Ҳ. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшаган 36 ёшли Қ.Р. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 50 ёшли Б.Х. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 298 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 307 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2949 нафар бемордан 279 нафари оғир, 133 нафари эса ўта оғир аҳволдаБир кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 433 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 412 нафарга тушди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 14 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бу охирги 10 кун ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Касалликдан даволаниш

27 август куни Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида 638 киши коронавирусдан соғайди. Август ойида 24 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 458 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 126 нафари Тошкент вилоятида;
  • 18 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 7 нафари Бухоро вилоятида;
  • 7 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 5 нафари Андижон вилоятида;
  • 5 нафари Наманган вилоятида;
  • 5 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 3 нафари Фарғона вилоятида;
  • 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 2 нафари Навоий вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 40447 нафар бемордан 37200 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92 фоизни ташкил этмоқдаСоғайиш кўрсаткичи бўйича бир кун аввал ўрнатилган рекорд янгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2949 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 2 июлдан бери энди даволанишдаги беморлар сони 3 мингдан камайди. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 1 июль кунидаги беморлар сонига (ўша куни 2907 нафар бемор даволанаётганди) яқинлашиб қолди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2198 нафар. Фарғонада 2, Жиззахда 7, Қорақалпоғистонда 10, Навоийда 12, Хоразмда 19, Андижонда 22, Сурхондарёда 23, Сирдарёда 26, Қашқадарёда 35, Бухорода 39, Наманганда 47, Самарқандда 116 ва Тошкент вилоятида 393 нафар бемор қолди.

Тошкент шаҳрида даволанаётган беморлар сони охирги 60 кун ичидаги энг паст кўрсаткичга тушди. Тошкент шаҳри даволаниш кўрсаткичи 90 фоизга етган энг охирги ҳудуд бўлди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар