«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
23:49, 24.08.2020 100779

Ўзбекистонда 24 август куни 402 кишида коронавирус аниқланди. Етти бемор вафот этди

Ўзбекистонда 23 август соат 23:00 дан 24 август соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 402 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 48 кун ичидаги энг кам касаллик аниқланган кунлар орасида 21 августдаги кўрсаткичдан (381 та ҳолат) кейинги иккинчи натижадир. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 39348 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 280, «Дарё» ҳисоби бўйича 289 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 402 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 262 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 116 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 10 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 5 нафар;
  • Андижон вилоятида — 4 нафар;
  • Навоий вилоятида — 3 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 2 нафар.

Кун давомида 7 та ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 262 кишида коронавирус аниқланди. Августда учинчи марта пойтахтда бир кунда аниқланган касалланиш ҳолатлари 300 тага етмади. Август ойида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (21 август) 227 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 9362 та янги ҳолат аниқланди. Касалланганлар сони бўйича 2—4-ўринларда бораётган Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларидаги бутун эпидемия мавсумида аниқланган касалланиш ҳолатларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам Тошкент шаҳрида август ойида қайд этилган ҳолатлардан 38 тага камдир.

Тошкент вилоятида 116 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 26 июлдан буён фақатгина бир марта — 23 август куни касалланиш ҳолатлари 100 тага етмади (61 та ҳолат). Август ойининг 24 куни ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 3743 кишига кўпайди. Вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 57 фоизи айнан августга тўғри келди.

Хоразм вилоятида 10 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида 8 кун янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда жами 88 кишида COVID-19 қайд этилди.

Қашқадарё вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Охирги 6 кун ичида вилоятда узлуксиз равишда вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди, аммо бу кунларда кунлик касалланиш ҳолатлари бирон марта ҳам 8 тадан ошмади. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 909 нафарга етди. Вилоят коронавирусга чалинганлар сони бўйича Ўзбекистонда 6-ўринда бормоқда.

Андижон вилоятида 4 кишида COVID-19 қайд этилган. Вилоятда охирги 39 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Андижон вилоятида коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1172 нафарга етди, бу бутун Ўзбекистон бўйича аниқланган беморларнинг қарийб 3 фоизига тенг деганидир.

Навоий вилоятида 3 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда август ойида 70 кишида коронавирус қайд этилди. Ушбу ойда Навоийда COVID-19 аниқланган кунларда фақат бир марта — 4 август куни кунлик касалланишлар сони 10 тадан кўп (14 та) бўлган. Навоийда касаллик аниқланганлар сони 501 нафарга етди. Навоий коронавирусга чалинганлар сони 500 нафардан ошган Ўзбекистондаги 10-ҳудуд бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2 кишида COVID-19 аниқланди. Республикада август ойида 88 кишида COVID-19 қайд этилди, бу Қорақалпоғистондаги жами касалланиш ҳолатларининг 20 фоизига тенгдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 3 нафар, жами 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. ССВ иккинчи марта бир кунда 7 бемор вафот этгани ҳақида ахборот бермоқда.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 59 ёшли Р.Ш. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшаган 50 ёшли Д.I. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 62 ёшли Ю.М. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 45 ёшли З.О. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 68 ёшли А.Э. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 67 ёшли З.Г. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент вилояти Чиноз туманида яшаган 38 ёшли Х.Я. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 280 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 289 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3517 нафар бемордан 282 нафари оғир, 132 нафари эса ўта оғир аҳволдаУч кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 373 нафарни, икки кун аввал 375 нафарни, бир кун аввал 378 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 414 нафарга етди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 11,8 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

24 август куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 564 киши коронавирусдан соғайди. Август ойида 21 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 376 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 141 нафари Тошкент вилоятида;
  • 11 нафари Бухоро вилоятида;
  • 8 нафари Хоразм вилоятида;
  • 7 нафари Андижон вилоятида;
  • 6 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 5 нафари Наманган вилоятида;
  • 5 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 3 нафари Фарғона вилоятида;
  • 2 нафари Қашқадарё вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 39348 нафар бемордан 35551 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 90 фоизни ташкил этмоқдаБу натижа рекорд ҳисобланадиИлгари ҳеч қачон коронавирусдан даволаниш кўрсаткичи 89 фоиздан ошмаганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3517 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони охирги 50 кун ичидаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2707 нафар. Фарғонада 3, Жиззахда 8, Навоийда 13, Хоразмда 19, Қорақалпоғистонда 17, Сурхондарёда 25, Сирдарёда 26, Андижонда 27, Бухорода 31, Қашқадарёда 32, Наманганда 61, Самарқандда 102 ва Тошкент вилоятида 446 нафар бемор қолди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар