Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг огоҳлантиришича, меҳмон уйларига интернет орқали тўлов қилишда шошилмаслик керак.
Чунки фирибгарлар бу йўналишга ҳам аллақачон кириб олишган. Бугун интернет орқали, айниқса, Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларидаги дачаларни банд қилиш учун “Олдиндан тўлов қилинг” мазмунидаги кўплаб эълонлар жойлаштирилмоқда. Улар орасида фирибгарлар ҳам сизнинг эътиборингизни тортувчи, ишонарли эълонларни жойлаштиришади.
Суратлар, видеолар ҳақиқий эълонлардан олинган бўлади. Фарқ шундаки, фирибгарлар сизга катта ва ҳашаматли меҳмон уйларини жуда арзон нархларда таклиф қилишади. Мижозлари кўплигини ва зудлик билан олдиндан тўлов қилишингиз кераклигини таъкидлашади, дейилади бошқарма эълонида.
Бошқарма матбуот хизматининг алоҳида урғулашича, Сиз пулларни ўтказишингиз билан ушбу дача ҳақидаги эълон ва сиз билан ёзишган аккаунт ўчириб ташланади.
Буларга алданмаслик учун фақатгина расмий сайтлардан фойдаланинг. Арзон нархдаги ҳашаматли уйларга ҳеч қачон олдиндан тўлов қилманг, дейилади унда.
Аввалроқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хорижда ишлаш ва ўқиш учун “осон” боришни ваъда қилаётган консалтинг фирмалардан огоҳ бўлишга чақирган. Миграция агентлиги эса Ўзбекистон фуқароларини хориждан қайтаришда фирибгарлик кузатилаётгани ва хорижда вафот этган ўзбекистонликлар жасадини олиб келиш учун сохта пул йиғиш акциялари ўтказилаётганидан огоҳлантирган.
Жавобгарлик
Фирибгарлик - алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд.
Фирибгарлик:
- анча миқдорда;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, жазоланади.
Қуйидаги ҳолларда содир этилган фирибгарлик:
- кўп миқдорда;
- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
- хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этилган бўлса - жазоланади.
Фирибгарлик 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин:
- жуда кўп миқдорда;
- ўта хавфли рецидивист томонидан;
- уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Изоҳ (0)