Тошкент шаҳрида электр таъминотида узилишлар ҳақида ижтимоий тармоқларда мурожаатлар кўпайди. “Ҳудудий электр тармоқлари” бунга муносабат билдирди.

Унда айтилишича, айни пайтда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятларда жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда давлат дастурлари, соҳага оид қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш мақсадида тақсимлаш тармоқларида янгилаш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур жараёнда ишчи-ходимларни хавфсизлиги таъминлаш мақсадида ҳудудлар кесимида режавий ўчиришлар амалга оширилмоқда. Бундай режавий ўчиришлар Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамиятнинг корхона ва филиал ахборот хизматлари томонидан доимий равишда эълон қилиниб борилиши таъминланган.
“Шу ўринда айтиш лозимки, тармоқларни янгилаш ва мавсумга тайёргарлик ишлари кечиктириб бўлмайдиган юмушлар сирасига кириб, айни пайтда ёзнинг иссиқ кунларига қарамасдан ҳам олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Шу билан бир қаторда куннинг иссиқ кунларида маълум ҳудудларда авариявий ҳолатларнинг юзага келиши ҳам электр энергиясида узилишларни вужудга келтириб чиқаришига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
“Бу ҳолатларда жамиятнинг туман, шаҳар электр таъминоти бўлимларининг тезкор чиқиш бригадалари томонидан қисқа муддатларда бартарф этилиши таъминланмоқда”, дейилади хабарда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ истеъмолчиларга етказилаётган ноқулайлик учун узр сўраган ҳолда, режавий ўчишлар ҳақида аҳолини хабардорлигини янада ошириш чоралари кўрилишни маълум қилди.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг ёзида кузатилган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб ҳафта давомида 16,5 млн кВт/соат ёки ўртача 7,1 фоиз ошганди. Хусусан, 25- ва 26 июль кунлари энерготизим бўйича мутлақ тарихий рекорд кўрсаткичлар янгиланганди. Энергетика вазирлиги 2025 йил ёзида суткалик электр энергияси истеъмоли статистикасини ҳозирча эълон қилмади.
Изоҳ (0)