Тошкентда маййит учун пул тама қилган судмедэксперт қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Судмедэкспертиза илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиали бошлиғи ўринбосари ва ўриндошлик асосида комиссион экспертизалар бўлими судмедэксперти З.У. ўз хизмат мавқейидан фойдаланаётгани аниқланган.

У фуқаро И.нинг 15 август куни вафот этган қариндоши А.нинг мурдасини ўликхонадан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан З.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.