Ўзбекистонда 16 август соат 23:30 дан 17 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 598 та ҳолат қайд этилди. 26 июлдан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари бирон марта 600 дан пасаймаганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш сони 35 927 тага етди.

ССВ ҳисоби бўйича 238, «Дарё» ҳисоби бўйича 247 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 598 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 407 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 155 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 27 нафар;
  • Андижон вилоятида — 5 нафар;
  • Навоий вилоятида — 4 нафар.

Кун давомида фақат 5 та ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 407 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг 17 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) 325 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—17 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 7168 та янги ҳолат аниқланди. Пойтахтда аниқланган касалланиш ҳолатлари 21 791 тага етди. Бу 147 та ҳолат билан энг кам касалланиш ҳолати қайд этилган ҳудуд бўлиб турган Жиззах вилоятида аниқланган беморлар сонидан 148 баравар кўп деганидир.

Тошкент вилоятида 155 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). 17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлаганди. Ўшанда вилоятда 1678 нафар бемор бор эди. Бир ой ичида Тошкент вилоятида касалликка чалинганлар 3 баравардан ҳам ошиб кетди. Ҳозирда вилоятда 5627 нафар бемор бор, бу Ўзбекистон бўйича вирусга чалинганларнинг 15,6 фоизига тенг.

Самарқанд вилоятида 27 кишида COVID-19 аниқланди. Охирги 8 кун ичида Самарқандда ҳар куни янги беморлар рўйхатга олинди, бу кунларнинг еттитасида вилоят кунлик касалланишлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг учинчи натижани қайд этди. Беморларнинг умумий сони бўйича ҳам дастлабки учликнинг кетма-кетлиги айнан шундайдир. Самарқанд учун август ойи энг кўп касалланиш ҳолатлари қайд этилган ой бўлди. 17 кун ичида вилоятда 559 кишида касаллик аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 37 фоизига тенг.

Андижон вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда бир ой ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1148 нафарга етган.

«Xabar.uz» нашрининг хабар қилишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 16 август куни кичик қизининг таваллуд куни муносабати билан тадбир уюштирган. Ушбу тадбирда эстрада хонандаси Муниса Ризаева ҳам хизматда бўлган. Маросимда ҳокимнинг қизига Gentra автомобили совға қилинган.

Навоий вилоятида 4 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида 62 кишида коронавирус қайд этилди, лекин уларнинг ярмидан ортиғи соғайишга улгурган. Ҳозирда вилоятда даволанаётган беморлар 17 нафарни ташкил этмоқда. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам бор эди. У июль ойи охиридан бери Тошкентда даволанаётган эди. Ниҳоят Қобул Турсунов COVID-19’дан соғайишга эришди. У яна ўз ишини давом эттиришга киришди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Вафот этганларнинг 3 нафари аёл ва 3 нафари эса эркак.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 65 ёшли Д.Т. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 59 ёшли Г.Ч. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 52 ёшли А.Э. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 25 ёшли М.Р. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшаган 75 ёшли Т.Ю. исмли эркак вафот этган. ССВ Тошкент вилоятида 3 августдан бери 17 киши вафот этгани ҳақида хабар берди. Ҳозирда вилоятларда ўлимлар сони ССВ ҳисоби бўйича 28 тага етган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 65 ёшли Р.И. исмли эркак вафот этган. ССВ ҳисоби бўйича Тошкент шаҳрида коронавирус асоратларидан вафот этганлар сони 157 нафарга етди. Вафот этганлар сони бўйича энг катта кўрсаткич Тошкент шаҳрига тегишли бўлса-да, касалланганларга нисбатан ўлим кўрсаткичи энг юқори бўлган ҳудуд Жиззах вилоятидир. Жиззахда коронавирусга чалинганларнинг 4 фоизи вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 232 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 241 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4109 нафар бемордан 593 нафари оғир, 178 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 5 кундан буён камаймоқда: 12 август куни 1785 кишининг аҳволи оғир бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 771 нафарга тушди. Ҳозирда даволанишдаги беморларнинг 19 фоизининг аҳволи оғирдир.

Касалликдан даволаниш

17 август куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморлардан 607 нафари соғайди. Охирги 19 кун ичида 18 марта бир кунда соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 392 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 186 нафари Тошкент вилоятида;
  • 7 нафари Андижон вилоятида;
  • 7 нафари Навоий вилоятида;
  • 6 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 5 нафари Наманган вилоятида;
  • 4 нафари Хоразм вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 35 927 нафар бемордан 31 580 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 88 фоизни ташкил этмоқдаДаволаниш кўрсаткичи бўйича кетма-кет тўртинчи кун рекорд янгиланмоқда. Бир кун олдин бу кўрсаткич 87 фоизни ташкил этганди.

Баъзи беморлар жуда тез тузалишга муваффақ бўлаётганини қайд этиш жоиз. 11 августдан бери ҳозиргача 4623 кишида коронавирус аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 4109 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Лекин даволаниши июль ойидан бери давом этаётган беморлар ҳам бор. Мисол тариқасида бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ва Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловни айтиш мумкин. Уларда июль охирларида коронавирус аниқланганди. 17 август куни бош вазир Абдулла Арипов сафари ортидан Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Ҳокимнинг уйи атрофи ҳам тезкорлик билан асфальт қилинаётгани, Ҳазрат Имом қабристонида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани хабар қилинган. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Карим Камоловнинг вафот этганини рад қилди, аммо аҳволи оғирлигини тасдиқлади. Bukhara News канали вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевга асосланиб, «Карим Камоловнинг аҳволи жуда оғир, кома ҳолатида» экани ҳақида хабар берди.

Карим Камолов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 3055 нафар. Фарғонада 5, Жиззахда 9, Навоийда 17, Қашқадарёда 18, Хоразмда 24, Сурхондарёда 27, Сирдарёда 29, Қорақалпоғистонда 33, Наманганда 40, Андижонда 43, Бухорода 74, Самарқандда 175 ва Тошкент вилоятида 560 нафар бемор қолди.