Канада ва Ирландия Беларусдаги президентлик сайловида Александр Лукашенко ғалаба қозонганини тан олишдан бош тортди. Бу ҳақда ушбу давлатлар ташқи ишлар вазирларининг баёнотларида айтилди, дея хабар бермоқда Meduza.
Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковенининг фикрича, Беларусдаги сайлов натижалари ноқонунийдир. Сайловлар олдидан ва ундан кейин содир этилган қўрқитиш ва ҳибсга олишлар, расмийларнинг бутун мамлакат бўйлаб бўлиб ўтаётган кенг кўламли ва асосан тинч намойишларга муносабати шундан далолат беради.
Канада ташқи ишлар вазири Француа-Филипп Шампан, ўз навбатида, сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, эркин ва адолатли овоз беришга чақирди. У ЙХҲТдан Беларусдаги сайловларни текширишни сўради. Вазир ўз баёнотида тинч намойишчиларга нисбатан қўлланилган «қаттиқ чораларни» ҳам қоралади.
Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтди. Сайлов куни Минск марказида ҳарбий техника пайдо бўлди. Беларусь милицияси сайлов участкалари олдида тўпланган одамларни қўлга олди. Сайлов куни оқшомида мамлакатнинг барча етакчи оммавий ахборот воситаларининг сайтлари очилмай қолди. Пойтахт Минскда президент сайловидан кейин норозилик намойиши бошланди. Шундан буён мамлакатда норозилик намойишлари ва намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун чиқишлар давом этмоқда.
Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, президентлик сайловларида республиканинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко 80,08 фоиз овоз тўплаган. Мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса расмий маълумотларга кўра, 10,09 фоиз овоз олган.
Натижалар эълон қилингач, Светлана Тихановская ўтказилган сайловларда ўзини ғолиб дея ҳисоблашини маълум қилди ва Лукашенкога музокаралар ўтказиш таклифини берди. Шунингдек, у сайловларнинг натижаси юзасидан Марказий сайлов комиссиясига норозилик билдирди.
Telegram 15 август куни Telegram мессенжери 15 август куни Беларусдаги сайловлар борасида расмий каналини ишга туширди. Сўровномада қатнашганларнинг ярмидан кўпи Светлана Тихановскаяга овоз берганликларини белгилаган. Тихановскаянинг ўзи эса миллий етакчи бўлишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)