БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида давлат раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон миллий кунларига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, миллий кунлар минтақа халқларининг бой маданий меросини, мустаҳкамланаётган қўшничилик алоқаларини ва кенгайиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлигини намойиш этиш мақсадида уюштирилди.

“Бу ерда анъаналар ва ҳунармандчиликка бағишланган, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги замонавий ютуқлар акс этган миллий павильонлар очилган. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмаси ва пазандачилик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилган. Анъанавий ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павильони ташриф буюрувчиларда ёрқин таассурот қолдирди”, дейилади манбада.

Тадбир минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишга хизмат қилгани маълум қилинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев, Туркман халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтгани хабар қилинганди.
БМТ конференциясида хорижий давлатлар ва ҳукуматлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, қатор масалаларни муҳокама қилди.
Анжуманда сўзлаган нутқида президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда транспорт-логистика тармоқларини ривожлантириш масаласига тўхталди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, транспорт харажатларининг катталиги ва транзит тизимининг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизигача йўқотмоқда. Логистика харажатлари маҳсулотлар умумий нархида 60 фоизгача етмоқда. Бу рақам жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан бир неча баробар юқоридир. Шу боис, ишончли янги транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш Марказий Осиёда барқарор тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда.
Президент нутқида Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон темирйўлини қуришни тезлаштириш, уни қурилаётган Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўл магистрали билан боғлаш муҳимлиги ҳақида ҳам сўз борган. Бу минтақада янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имконият яратиши таъкидланган. Шунингдек, Ўрта йўлакни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилиши айтилган.
Изоҳ (0)