Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чимён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ноқонуний равишда чиқинди ташлангани акс этган видео тарқалди. Экология бошқармаси айбдор жазоланганини билдирди.

Видеотасвирда юк машинаси қурилишдан қолган чиқиндиларни тоғга тўкаётгани акс этган. Оқибатда атроф-муҳитни чанг босган. Майдонга бундан аввал ҳам бир неча марта кўп миқдорда чиқинди ташланганини кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқ фаоллари чиқинди ташланган жой Угом-Чотқол миллий боғи ҳудуди эканини ёзган. Дарадан дарё оқиб, Чимён қишлоғига ўтиши билдирилган. Сўнгги сув Чорвоқ сув омборига қуйилади. У ерда эса минглаб одамлар дам олади.
“Бундай чиқинди базаси экотизим, сув ресурслари ва инсон саломатлигига бевосита таҳдид солади”, дея хавотир билдирган фаоллар.
Мазкур хабардан кейин Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Қайд этилишича, давлат экологик назорати инспекторлари томонидан вазият ўрганилган. Натижада икки нафар шахс чиқиндиларни белгиланмаган жойга тўккани аниқланган.
Ҳуқуқбузарлик бўйича айбдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг тегишли моддалари асосида маъмурий жавобгарлик чораси кўрилган. Бироқ айнан қандай жазо қўллангани, қанча жарима ёзилгани тўғрисида тўхталиб ўтилмаган.
Изоҳ (0)