Бундан 20 йил олдин, 2000 йил 12 август куни Баренц денгизида Россиянинг «Курск» атом сувости кемаси ҳалокатга учраган эди. Янги Россиядаги энг йирик фожиалардан бири бўлган ушбу воқеа бугунги қадар қатор сирли шароитлар билан боғлиқ саналади ва унинг сирлари ўрганилишда давом этмоқда. «Дарё» сана муносабати билан даврнинг мудҳиш фожиаларидан бирининг тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

«Курск» атом кемасининг техник тавсифи

«Курск» ёки АПРК К-141 сувости кемасининг жамоаси 1991 йилнинг июнь ойида Россия шимолий флотида ташкил қилинган ва унинг капитани сифатида 2 ранг капитани Виктор Николаевич Рожков тайинланган эди.

«Курск» атом сувости кемаси сал олдинроқ, 1990 йилда Северодвинскдаги «Шимолий машина ишлаб чиқариш» заводида қурилган ва 1993 йилнинг апрель ойида Иккинчи жаҳон уруши давридаги Курск ҳалқаси жангларида матонат кўрсатган совет жангчилари шарафига Россия денгиз кучлари флоти бош қўмондони Владимир Короедов тавсиясига биноан К-141 атом сувости кемасига «Курск» номи берилган ва 1994 йилдан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун топширилганди.

1999 йилнинг август—октябрь ойларида мазкур сувости кемаси Атлантика океани ва Ўрта Ер денгизидаги ҳарбий машғулотларда муваффақиятли иштирок этади. 2020 йилнинг 25 июль санасида Шимолий денгиз флотининг Ғалаба парадида ҳам иштирок этди.

«Курск» сувости кемасининг умумий сив сиғими 23 900 тонна бўлиб, кема узунлиги 154 метр, кенглиги 1802 метрни ташкил қиларди. Сувости кемасида иссиқлик қуввати 380 Мвт бўлган икки дона атом реактори ўрнатилган ва кеманинг сувостида ҳаракатланиш тезлиги соатига 32 узел – 59 километрни ташкил қиларди.

Ҳалокатнинг илк куни

Россия ҳарбий денгиз флоти қўмондонлиги буйруғига биноан «Курск» атом сувости кемаси 2000 йилнинг 12 август санасида «Буюк Пётр» ва «Адмирал Кузнецов» крейсерларига қарши ҳарбий амалиётда иштирок этиши белгиланди. Айнан шу ҳарбий амалиётларни ташкил қилиш жараёнида «Курск» атом сувости кемасида фалокат содир бўлди.

Фото: Google Photos

Суриштирув натижаларига кўра, 12 август Москва вақти билан соат 11:28 да «Курск» кемасининг тўртинчи торпедо ҳужумлари уюштириш бўлимида 6576-А торпедо бўлмасидаги бўмба портлаб кетади. Натижада сувости кемаси 108 метр чуқурликка чўкиб кета бошлайди. Вазиятнинг бундай ривожланиши сувости кемасида иккинчи портлашга сабаб бўлади ва кеманинг олд қисмига жиддий зарар етказади. Айнан шу ҳолатда кеманинг биринчи ва учинчи бўлмаларидаги денгизчилар ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг тирик қолишларига имкон ҳам йўқ эди. Омон қолганлар сувости кемасининг тўққизинчи бўлмасида жон сақлашга ҳаракат қилади.

12 август соат 23:30 да рус ҳарбий денгизчилари қутқарув-қидирув амалиётини бошлади. 13 август тонги соат 03:20 да «Буюк Пётр» крейсери эхолот ёрдамида «Курск» сувости кемасининг чўкиб кетган жойини аниқлашга муваффақ бўлади, бироқ қутқарувчилар кема ҳалокати жойига фақат соат ўнларда келишга эришганди.

Кейинги бир неча кун мобайнида рус ҳарбийлари «Курск» кемасининг жамоа аъзоларини қутқаришга ҳаракат қилади, аммо авария ҳолатида чиқишга имкон берадиган люкнинг шикастланиши натижасида қутқарув ишлари муваффақиятсиз якунланади. Россия ҳукумати қутқарув ишларига Буюк Британия ва Норвегия ҳарбий флоти билан музокаралар олиб боради. Норвегия қутқарув экипажи 20 августда ишга киришганда «Курск» экипажи ҳаётини сақлаб қолишга аллақачон кеч бўлганди. «Курск» экипажининг 118 аъзоси аллақачон кислород етишмаслигидан ҳаётдан кўз юмганди.

Асосий воқеалар: 13 август

Шимолий флот қўмондонлиги гарчи «Курск» кемаси билан алоқа узилиб қолган бўлса-да, вазият барқарор экани, Баренц денгизида 30 дона сувости кемалари ҳарбий денгиз машқларида қатнашаётгани ва илк марта Украина ҳарбий ҳаво кучлари ҳам қатнашаётганини маълум қилади.

14 август

Баренц денгизида «Курск» сувости кемаси ҳалокати ҳақида илк хабарлар кела бошлайди. Сувости кемасида портлаш содир бўлгани аниқланади. Рус матбуотида кема бошқа хориж кемаси билан тўқнашиб кетгани ва кема бортида атом қуроли йўқлиги ҳақида маълумотлар тарқала бошлайди. Россия Ҳарбий денгиз кучлари қўмондони Владимир Короедов аҳолини кема экипажи билан алоқа тиклангани ва лекин экипажни қутқариб қолишга имконият деярли йўқлиги ҳақида маълум қилади.

Фото: Google Photos

15 август

Соат 18:22 да матбуотда «‘Курск’ Баренц денгизи тубида» деган мақола эълон қилинди. Ҳарбий денгиз кучлари сувости кемаси 100 метрдан чуқурроқ жойда экани ҳақида маълумот берган бўлса-да, экипаж аъзоларининг тақдири ҳақида сукут сақлашади. «Курск» кемасининг муҳандиси кемада етарли миқдорда кислород захираси мавжудлиги ҳақида баёнот берди. Соат 21:26 кемага капсула ёрдамида уланиш орқали 15-20 нафар денгизчини қутқариб қолиш амалиёти муваффақиятсиз якунланди.

16 август. Қутқариш имкониятлари

Эрталабки соат 09:27 Исроил бош вазири Эҳуд Барак Россияга «Курск»ни қутқариш бўйича таклиф киритади, бироқ рус ҳукумати экипажни қутқариш энди имконсизлигини билдиради. Британия ҳукумати ҳам махсус DEEP Sumergence Rescue Vehicle махсус қутқарув аппаратини русларга ёрдам сифатида таклиф қилади. Агарда рус ҳукумати таклифни қабул қилганида, DSRV кема ҳалокати жойида 48 соат ичида қутқарувга тайёр бўлиши мумкин эди. Ҳарбийлар эса «Курск»ни қутқариб олиш борасида ҳадик билан чет эл тавсия қилмоқчи бўлган ёрдам ҳақида оғиз очарди.

Шу вақтгача «Курск» ҳақида сукут сақлаган Путин охир оқибат кема экипажи оғир аҳволда қолгани ҳақида баёнот беради. Россия ташқи ишлар вазири Британия ва Норвегия денгиз кучларига қутқарув амалиётида қатнашиш ҳуқуқини берганда, Британия қутқарув кемаси эндигина Норвегия соҳилларига етиб келганди.

17 август. Ҳалокат сабаблари

BBC ва хориж матбуоти «Курск» сувости кемасидаги ҳалокатга торпедонинг ёки сувости кемасининг олд қисмидаги портлаш сабабчи бўлиши ҳақида мақола чоп этганда, Россия мудофаа вазири Игор Сегеев «кема ташқи жисм билан тўқнашиб кетиши оқибатида кема ҳалокати юз берди», деган чўпчак тўқирди. Сегеев ўз мулоҳазаларини ҳаттоки олинган асоссиз видео материаллар билан ҳам дасталашга уринади.

18 август. Ҳарбий сирларини ошкор қилишни истамаган Кремль

Владимир Путин ғарблик ҳамкасблари кўрсатишга тайёр бўлган ёрдамни қабул қилмайди. Қудратли Россия ҳарбий техникада рақиблари НАТОга ожизлигини кўрсатиб қўйсинми?! Кейинчалик Путин ўз айбини НАТО ва Россия ҳарбий техникалари фарқ қилиши, шу боисдан ғарб техникасини «Курск»ни қутқаришга жалб қилиш бесамар эканини айтиб ўз юзини ёруғ қилганди. Бироқ кейин «агарда ўзаро ҳамкорлик натижа берганида эди, биз хурсанд бўлардик», деганлари кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ.

Фото: Google Photos

19 август. Инқирозли вазият

Россия Ҳарбий денгиз кучлари қўмондони матбуот котиби Игор Дигало «Курск» билан боғлиқ вазият ўта муваффақиятсиз экани, гарчи британиялик қутқарувчилар етиб келган тақдирда ҳам экипаж аъзоларини қутқариб қолиш имконсизлиги ҳақида очиқлайди.

20 август. Рус президентининг жаноза фотиҳаси

Владимир Путин Кремлда «Курск» кемаси конструктори Игор Спаский билан учрашади ва ҳозирда мазкур типдаги сувости кемалардан тўрттаси ҳаракатда экани ҳақида маълумот олади. Шунигдек, Путин Россия Рус патриархи черкови раҳбари билан ҳам учрашиб, Баренц денгизида қолиб кетган ҳар бир денгизчининг ҳаёти учун курашиши ҳақида фикр билдиради.

21 август. Қутқариш учун имкониятнинг чиппакка чиқиши

Соат 14:20 да «Курск» сувости кемасининг 9 бўлмаси ҳам сув билан тўлади. Шимолий флот штаби қўмондони Михаил Мосак энг фожиали вазият содир бўлгани, кемадаги барча бўлмаларни сув босгани ва тириклар қолмагани ҳақида сўз очади.

22 август. Фожиавий якун

Соат 18:00 да президент Путин Североморскдаги флот штабига «Курск» сувости кемаси денгизчиларини сўнгги манзилга кузатиш учун ташкил қилинган рамзий тадбирга етиб боради ва денгизчиларнинг оила аъзолари билан мулоқот қилади. 23 август санаси эса умумхалқ мотам куни деб эълон қилинади.

«Курск» сувости кемасини қутқариб қолиш имкони бормиди?

118 денгизчи «Курск» сувости кемасида ҳалок бўлди. Бугун эса мазкур кеманинг аъзоларини қутқариб қолса бўлармиди, деган саволлар юзага чиқади. Аксарлар назарида, агарда рус ҳукумати хорижлик ҳамкасбларига ўз вақтида ёрдам сўраб мурожаат қилганида мазкур фожиа ғалаба билан якунланиши мумкин эди, деган тахминларни суради. «Курск»да яқинларини йўқотганлар ишини Страсбург судига олиб чиққан адвокат Борис Кузнецов ўз мемуар китобида портлашдан омон қолганлар бир неча кун яшаши мумкин эди, деб ёзади.

Фото: Google Photos

Сабаби 9-бўлимда омон қолган денгизчилар бирор-бир кема акустик мосламалар ёрдамида рус денгизчиларининг  болғалари ёрдамида диққатни тортишга урингани ёрдам сўраётганидан дарак бўлгани ва улар тинимсиз икки сутка мобайнида шу билан омон қолишга уринганлари хориж кема акустик маълумотларида қайд этилган. Яна бир масаласи.  Бошқаларнинг фикрича, агарда рус ҳукумати хорижлик ҳамкасбларнинг кўмагини ўз вақтида қабул қилганида «Курск» экипажининг айримларини қутқариб қолиш мумкин эди. Энди бу тақдири азал.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.