Жаҳон соғлиқни сақлаш тақшкилоти COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши вакцинани тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш борасидаги барча ютуқларни қўллаб-қувватлайди. «РБК»нинг хабар беришича, ташкилот Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатган ўтказилганига шундай муносабат билдирди.
Ташкилотда таъкидланишича, ишлаб чиқарилаётган дориларнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун вакциналарни тадқиқ қилиш ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида белгиланган тартибда ўтказилиши лозим.
Шунингдек, қўшимча қилинишича, ЖССТ Россиялик олимлар ва мамлакат расмийлари билан алоқада бўлиб турибди ва вакцина синовлари тўғрисида маълумотни таҳлил қилиш имкониятини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцина рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди. У вакцина самарали эканлиги, шунингдек, қизларидан бири ушбу вакцина билан эмланганини айтган, бироқ айнан қайси қизи эканлигига тўхталиб ўтмаган.
Вакцина у яратилган марказ, шунингдек, Зеленограддаги «Биннофарм» компанияси томонидан, кейинчалик эса бошқа корхоналарда ҳам ишлаб чиқарилади.
Фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигини ушбу вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирганди. Ассоциация вакцина яратувчилари унинг синовларини ҳатто юзлаб одамлар иштирокида ҳам якунламагани, бундан ташқари вакцина асосида синовлари ҳали ҳам давом этаётган MERS’га қарши бошқа вакцина борлигини билдирган ва шу сабабли унинг самарадорлиги тўғрисида хулоса беришга ҳали асос йўқ деб топган.
Росздравнадзор раҳбари ўринбосари Валентина Косенко ушбу вакцина билан бир неча юзлаб кўнгиллилар эмлангани ва уларда вакцинага нисбатан жиддий ножўя таъсирлар кузатилмаганини таъкидлаб, «Афтидан, Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси ҳеч қандай натижаларни билмай хулоса қилмоқда», — деб айтган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош эпидемиологи Николай Брико эса Гамалея марказининг вакцинаси «йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмагани», марказ Эбола ва MERS’га қарши вакциналар ишлаб чиқиб, ушбу соҳада 10 йилдан ортиқ вақт давомида иш олиб бораётганини билдирган.
Шу билан бирга, ғарб давлатлари экспертлари Россиянинг коронавирусга қарши вакцинани одамларда кенг кўламли синовлардан ўтказмасдан олдин рўйхатдан ўтказиш қарорини танқид қилди. Лондон университет коллежи қошидаги Генетика институти мутахассиси Француа Баллунинг фикрича, шошилинч рўйхатга олиш «ўйламай қилинган ва аҳмоқона қарор».
Қозоғистон ҳам клиник синовларнинг барча босқичлари якунланмагунча COVID-19 вакцинасини сотиб олмоқчи эмаслигини билдирган.
Изоҳ (0)