Коронавирус инфекциясига чалинган 64 ёшли тошкентлик бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 64 ёшли М.Х. 1 июль куни қоринда ва чап кўкрак соҳасида оғриқлар кучайганлиги сабабли Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига ётқизилган.

У постхолецистектомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси билан даволанган. 3 июль куни эса беморда нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олинган.

Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдром, постхолецистектомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси қўйилган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан доимий назоратга олинган. Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус асоратларидан 40 киши вафот этганини маълум қилганди, эндиликда уларнинг сони 41 нафарга етган.

Ўзбекистонда 8 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168 нафарга кўпайди ва касалланганларнинг умумий сони 10 838 кишига етди.

Ҳозирда мамлакатда 3 986 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 24 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.