Хоразмда 22 ёшли аёлнинг сурат ва видеоларини интернетга тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган 30 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Маълум бўлишича, 30 ёшли Ш.Р. таниши 22 ёшли М.Қ.нинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни, фотосурат ҳамда видеоларини ошкор қилиш билан қўрқитиб, маълумотларни тарқатмаслик эвазига 15 миллион 860 минг сўм пул талаб қилган.

Бу пулларни 24 июнь куни соат 19:00 да аёлнинг онаси М.А.дан олаётганида Хоразм вилояти ИИБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир жараёнида ашёвий далиллар билан воқеа жойида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ 27 июнь куни Ш.Р. М.Қ.дан такроран пул олганлиги аниқланганлиги сабабли у Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган товламачилик) банди билан гумон қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Дастлабки тергов жараёнида Ш.Р. айбланувчи тариқасида ишда жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.