Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида қўшнилари билан ер масаласида низолашган аёл бензин сепиб, ўзини ёқиб юборди. Натижада танасининг 96 фоизи куйган аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, бир кун ўтгач вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Ерини қўшнилари ноқонуний олиб қўйганига норозилик билдирган 43 яшар аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди» сарлавҳали хабар тарқалган.

Вилоят прокуратурасининг аниқлик киритишича, жорий йилнинг 26 июнь куни Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига «Оқтош» МФЙ Боғзор кўчасида яшовчи фуқаро М.А. куйиш тана жароҳатлари билан келтирилган.

Фуқаро М.А. қўшниси П.Қодиров ва Э.Пардаевлар билан ер масаласида ўзаро жанжаллашиб келган. Э.Пардаевнинг мурожаатига кўра, жорий йилнинг 26 июнь куни МФЙ раиси Қ.Кенжаев, «Ермулккадастр» ДК Яккабоғ тумани филиали мутахассиси Б.Хушмуродов ва туман ИИБ профилактика инспектори М.Эгамбердиевлар мазкур муаммони ечиш учун М.А. хонадонига борган ва фуқародан ерга оид ҳужжатларини сўраган. М.А. эса уйига кириб, устига бензин сепиб чиққан ва қўлидаги гугурт билан ўзига ўзи ўт қўйган.

Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасининг маълумот беришича, фуқаро М.А.нинг олган тан жароҳати III-ИВ даражали куйиш кўринишида бўлган. Шу боис ҳам фуқаро шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамай 27 июнь куни вафот этган.

Вилоят прокуратурасининг қўшимча қилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.