«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати бир фуқарони қийноққа солган ва унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ҳаракатларига, умуман, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан қилинган зўравонлик ҳолатларига расмий муносабат билдирди.

Фото: «Дарё»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан уч нафар ходимга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки шахс эркинлигини чеклаш) ва 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо) бўйича жиноий иш қўзғатилгани, айбланувчилар ҳибсга олинганини қайд этган.

Шунингдек, Андижондаги воқеа 2020 йил бошидан буён бу ички ишлар органларида маҳбусларга нисбатан қўлланилган қийноқ ва зўравонлик билан боғлиқ дастлабки ҳолат эмаслигини таъкидлаб, январь ойида Қашқадарё вилояти ИИБ Чироқчи туман бўлимида 32 ёшли эркак калтаклангани ва вафот этганини эслатган. Ушбу жиноятларни содир этишда гумонланган Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг икки ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди ҳамда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққанди.

Хабарда 2018 йил июль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон ИИБда тезкор ходим томонидан аёл кишининг оммавий таҳқирланиши воқеаси ҳам эслатилиб, Ички ишлар вазирлиги икки йил аввал бу каби нохуш ҳодисаларни аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, ички ишлар органлари сафини «нопок ва тасодифий» ходимлардан тозалашга қаратилган қатъий чоралар кўрилишини маълум қилгани алоҳида таъкидланган.

«Бу ҳолатлар кўп жиҳатдан ўтган йилнинг декабрь ойида инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, Ўзбекистондаги вазият бўйича ўз хулосаларни эълон қилган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг ҳам хавотирланишини тасдиқлайди. Ўзбекистон 160 дан ортиқ давлатлар қаторида БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазога қарши Конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон бўйича якуний кузатувлар конвенцияси амал қилинишининг ҳам ижобий томонларини, ҳам асосий муаммоларини тавсифлайди.

Қўмита томонидан бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, жумладан, ‘Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида’ги, ‘Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги’ги қонунлар, ‘Жаслиқ’ колониясининг ёпилиши, БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги ҳамда судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиларнинг республикамизга ташрифлари юқори баҳоланди.

Шу билан бирга, қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тергов ва жазони ижро этиш органларининг ташаббуси ва розилиги билан жиноий жараёнда фойдаланиш учун айбни тан олдириш ёки маълумот олишда қўлланилган қийноқ ва ғайриинсоний муомалада бўлиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлардан қаттиқ хавотирда эканлигини билдирди.

Қўмита прокуратурага келиб тушган қийноққа оид шикоятлар 2017 йилга нисбатан 2018 йилда 10 баравар ортганига қарамай, қийноққа солганлик учун амалдорларга нисбатан қўзғатилган ишлар сони мутаносиб равишда ортмаганлигидан хавотирда», — дейилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг баёнотида.

Баёнотда «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2018 йил 4 апрель куни Президент томонидан суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни, Президентнинг 2019 йил 13 декабрдаги «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида инсон ҳуқуқларининг топталишига йўл қўйилмаслиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига жазо муқаррарлиги белгилангани ҳақида ҳам баён қилинган.

«Тегишли идоралар томонидан қонунчиликнинг амалиётда тўғри ва ўз вақтида ижро этилиши ўта долзарб ҳисобланади. Хусусан, ‘Прокуратура тўғрисида’ги қонунга мувофиқ, прокуратура идоралари жиноятчиликка қарши курашувчи идораларнинг қонунларни ижро этишларини назорат қилади, шунингдек, ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида жиноий жазолар ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш вақтида қонунларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Шунингдек, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва тергов изоляторлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Умуман, барча ички ишлар идораларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Андижонда юз берган воқеа шуни кўрсатадики, соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга, шу жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйиш ва энг асосийси, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини тақозо этади», — дейилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг баёнотида.

2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олингани хабар қилинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ томонидан қийноққа солинганини қатъий қоралади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров бир фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимлари ҳаракатига муносабат билдириб, Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқости қилингани, бир инсон энг олий ҳуқуқи бўлган яшаш неъматидан мосуво бўлгани, шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан давлатнинг халқаро имижини яхшилаш учун қилинаётган кўп сонли ҳаракатларга путур етганини таъкидлади.