Хитойда сўнгги суткада коронавирус билан касалланиш бўйича 57 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 9 та ҳолат аниқланди. Беморларнинг 2 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб.

Фото: AP Photo

Қайд этилишича, янги касалланиш ҳолатларининг 36 таси мамлакат ичида аниқланган (Пекинда — 36, Ляонин провинциясида — 2), 19 та ҳолат эса четдан кириб келган. Мамлакатда умумий ҳисобда 83 132 киши коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 369 нафари соғайган, 4 634 нафари вафот этган. Касалхоналарда 129 нафар бемор қолмоқда.

Шунингдек, сутка давомида 7 киши инфекцияни белгисиз ташувчи сифатида қайд этилган. Шундай кишиларнинг яна 98 нафари шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Жанубий Кореяда эса сутка давомида 34 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, касалланганларнинг умумий сони 12 085 нафарга етди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (KCDC) маълумотларига таяниб.

Қайд этилишича, касалланганларнинг 31 нафари вирусни мамлакатнинг ўзида, 3 нафари четдан юқтирган.

Сўнгги суткада 27 киши коронавирусдан соғайиб, тузалганларнинг умумий сони 10 718 нафарга етди. Касаллик қурбонлар сони 277 кишини ташкил қилмоқда.

Жанубий Кореяда коронавирусни аниқлаш бўйича 1,1 миллиондан ортиқ тест ўтказилган.