News cover

Испания бортида хавфли вирус тарқалган круизни мамлакатга киритишга рози бўлди

Испания ҳукумати бортида кам учрайдиган ҳантавирус инфекцияси тарқалган круиз кемасини қабул қилишга розилик берди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ушбу касаллик оқибатида ҳозирча уч киши вафот этган. Бу ҳақда CBS News хабар берди.

Бортида қарийб 150 киши бўлган кема Атлантика океанидаги Кабо Верде қирғоқлари яқинида ёрдам кутаётган эди. Африка давлати аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида кеманинг портга яқинлашишига рухсат бермади.
Қурбонлар ва беморлар ҳақида нималар маълум?
Ҳозиргача вирус туфайли уч киши ҳаётдан кўз юмди. Икки киши бевосита кема бортида вафот этган. Учинчи қурбон кемадан тушганидан сўнг кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмган.
ЖССТ маълумотига кўра, яна тўрт кишида вирус борлиги гумон қилинмоқда ёки тасдиқланган. Улардан бири Британия фуқароси бўлиб, у кемадан эвакуация қилинган ва ҳозирда Жанубий Африкада реанимацияда қолмоқда.
Вирус қандай тарқалмоқда?
Ҳантавирус одатда кемирувчилар пешоби ёки нажаси орқали юқади. Ҳозирда ЖССТ кема бортида вирус одамдан одамга юққан бўлиши мумкинлигидан шубҳаланмоқда. Йўловчиларга имкон қадар ўз кабиналаридан чиқмаслик буюрилди.
Шунингдек, мутахассислар 69 ёшли марҳум аёл билан бир самолётда учган йўловчиларни қидирмоқда. Бу нидерландиялик аёлнинг турмуш ўртоғи икки ҳафта олдин кема бортида вафот этганди. Аёл 24 апрель куни ошқозон-ичак тизимидаги муаммолар билан кемадан тушиб қолган. У икки кундан кейин Йоханнесбургга учаётган самолётда аҳволи ёмонлашиб, вафот этган.
Испания режаси
ЖССТ директори Мария Ван Керхове Испания ҳукумати кемани тўлиқ текширувдан ўтказиш, эпидемиологик суриштирув олиб бориш ва дезинфексия қилиш учун қабул қилишини билдирди. Дастлаб икки нафар беморни Нидерландияга эвакуация қилиш ва шундан сўнг кема Испаниянинг Канар ороллари томон йўл олиши режалаштирилди.
МV Hondius кемаси Нидерландияга тегишли бўлиб, Аргентинадан Антарктидага ва Жанубий Атлантикадаги бир нечта оролларга кўп ҳафталик саёҳат уюштираётган эди. Кема оператори Oceanwide Expeditions Кабо Вердедан ёрдам сўраганини, бироқ ҳеч кимга қирғоққа тушишга рухсат берилмаганини тасдиқлади.
Кабо Верде ҳукумати бу қарорни аҳоли хавфсизлиги билан изоҳлади. ЖССТ вакили доктор Анн Линдстранднинг айтишича, кема бортига уч марта тиббий гуруҳ юборилган.
ЖССТ бу касаллик кам учраса-да, одамлар орасида тарқалиши мумкинлигини айтмоқда. Вирус юққан ҳолатда ўлим кўрсаткичи 50 фоизга тенг.
Вирус туфайли круизда вафот этганлардан бири Германия фуқароси бўлиб, унинг жасади ҳали ҳам кемада. Кемада ҳозирда 87 нафар йўловчи бор (17 нафар америкалик, 19 нафар британиялик, 13 нафар испан ва бошқалар). Шунингдек, 61 нафар экипаж аъзоси мавжуд.
Саёҳат қаердан бошланган?
Кема 1 апрель куни Аргентинанинг Ушуаиа шаҳридан йўлга чиққан. Ўшанда йўловчиларда ҳеч қандай симптомлар бўлмаган. Бироқ касаллик белгилари саккиз ҳафтагача намоён бўлмаслиги мумкин. 2025 йилда Аргентинада ушбу вирусдан 28 киши вафот этганди. Ҳозирда ЖССТ ва маҳаллий ҳукуматлар кемада тўлиқ хавфни баҳолаш ва лаборатория текширувларини давом эттирмоқда.

Бугун, 21:56

Тавсиялар

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: