Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон» деҳқон бозорида коронавирусга чалинган бемор аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бозор маъмурияти эса буни рад этди. Бу ҳақда бозор расмий каналида маълум қилинди.

«‘Ерқўрғон’ деҳқон бозори ишчилари орасида коронавирус инфекцияси юқтирган киши аниқлангани ҳақидаги миш-мишлар ҳеч қандай асосга эга эмас», — дейди бозор ахборот хизмати ходими Собир Нарзиев.

Собир Нарзиевнинг маълумот беришича, аҳоли орасида бундай гап тарқалишига Косон тумани Некўз қишлоғида яшовчи уч нафар сотувчининг бозордан олиб кетилиб, коронавирусга таҳлил олингани сабаб бўлган.

«Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, ушбу сотувчиларнинг ҳеч бирида вирус аниқланмади», — дейди Собир Нарзиев.

Таъкидланишича, сотувчилар таҳлилга олиб кетилганидан сўнг бозорда барча зарур хавфсизлик чораларини кўриш, санитария-гигиена талабларини таъминлаш мақсадида дезинфекциялаш тадбирлари бошланган.

«Ерқўрғон деҳқон бозори» АЖ раиси Тоштурди Тўраевнинг маълум қилишича, 12 июнь куни ҳам бозорда тўлиқ дезинфекциялаш тадбирлари ўтказилади. 13 июнь куни тонгдан бошлаб бозор карантин талабларига қатъий амал қилинган ҳолда яна ўз фаолиятини бошлайди.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов эса бозор сотувчиларининг таҳлил натижаларидан бехабарлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 11 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 72 кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг 28 нафари Қашқадарё вилоятидаги хорижий корхона ишчилари эканлиги маълум қилинди.