Наманган шаҳрида вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида ишловчи танишлари орқали пул эвазига паспорт тўғрилаб беришни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Наманган шаҳрида яшовчи Туркия фуқароси гўёки вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида ишловчи танишлари орқали биометрик ва хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмати эвазига у маҳаллий фуқародан фирибгарлик йўли билан 200 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, мазкур шахс Туркиядан депортация бўлган бир нечта фуқароларнинг ушбу давлатга кириш ҳуқуқларини тиклаб беришни ваъда қилиб, муқаддам улардан чет эл валютасида пул маблағлари ҳам олган.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.