Франциянинг дори воситалари ва тиббий буюмлар хавфсизлиги бўйича агентлиги эҳтиёт чораси сифатида мамлакатда гидроксихлорохин билан ўтказилаётган тадқиқотларни тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлар гуруҳи гидроксихлорохин ва хлорохинни COVID-19 касаллигини даволашда қўллашни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди. Бунга ушбу дорилар туфайли ўлим ҳолатининг ошгани сабаб бўлган. Олинган маълумотлар асосида мазкур дори воситаларининг самарадорлиги қайта баҳоланади.
26 май куни Франция Соғлиқни сақлаш олий кенгаши шифохоналарда оғир аҳволда ётган беморларга гидроксихлорохин қўлламасликни тавсия қилган.
Агентлик томонидан маълум қилинишича, гидроксихлорохинни баҳоловчилар билан биргаликда эҳтиёт чораси сифатида беморларни клиник синовларга жалб қилишни тўхтатишга қарор қилинган.
Қайд этилишича, мазкур клиник синовларда гидроксихлорохин билан даволанаётган беморлар даволанишни протокол охиригача давом эттириши мумкин.
Агентликнинг маълум қилишича, коронавирус эпидемияси бошланганидан буён гидроксихлорохин билан боғлиқ 16 та клиник синов маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморларни даволашда хлорохин препаратидан фойдаланилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусдан кузатилган ўлим ҳолатларининг хлорохинга алоқаси йўқлиги маълум қилинганди.
Изоҳ (0)