Тарихдаги энг йирик капиталлашган корпорация – Apple Distribution International Limited Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди ва I чоракдаги фаолияти натижаларига кўра, давлат бюджетига 59,2 минг АҚШ доллари миқдорида солиқ тўлади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар қилган.

Фото: Bloomberg

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш тартиби жорий этилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатаётган 10 та чет эл компанияси Интернет компанияларнинг ҚҚС офиси орқали қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.

Аввал Ўзбекистон ҳудудида электрон хизмат кўрсатувчи хориж компанияси – Google Commerce Limited ҳам ҚҚС тўловини амалга оширган. Мазкур компания 2020 йилнинг I чораги якунларига кўра, давлат бюджетига 85 минг евро тўлаганди.

Бундан ташқари, фильмлар ва сериаллар етказиб берувчи – Netflix International B.V. компанияси ҳам Ўзбекистон бюджетига 4,3 минг евро миқдорида ҚҚС тўлаган.

Чет эл компанияларининг ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиши ва солиқларни тўлаши ҳудудида пуллик хизмат кўрсатаётган мамлакат қонунларини ҳурмат қилишни англатади, дейилган Давлат солиқ қўмитасининг хабарида.

Аввал Apple Ўзбекистон учун App Store’даги дастурлар нархини оширгани, бунга «Google солиғи» сабаб бўлиши мумкинлиги, Ўзбекистон Солиқ кодексининг янгиланган таҳририда «Google солиғи» белгилаб қўйилгани, «Яндекс»нинг Ўзбекистондаги минтақавий директори лавозимида бир неча йиллар ишлаган Евгений Лукянчиков «Google солиғи» икки томонлама солиққа тортилишга олиб келиши мумкинлигини маълум қилгани ҳақида хабарлар берилган.