Сардоба сув омборидаги фалокат оқибатида 276 квадрат километр майдон сув остида қолган бўлиб, унинг 76 квадрат километри Қозоғистонга тўғри келади, дея хабар бермоқда Tengrinews.
Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовнинг таъкидлашича, фалокат юз берган 1 май куни унга Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари билан қўнғироқ қилган ва сув Қозоғистонга ўтмаслигини таъкидлаган.
«Ушбу таъкидларга қарамай, биз барибир эвакуация чораларини кўрдик ва ҳақ бўлиб чиқдик. Бахтимизга, қурбонлар бўлмади, одамларни, чорванинг катта қисмини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик», — дея қайд этиб ўтди Сергей Громов.
Аввалроқ Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Калкаманов Ўзбекистон томони Сардоба сув омборининг «бир томчи суви ҳам Қозоғистонга ўтмаслигига ишонтиргани учун» аҳолини эвакуация қилиш ишлари кеч бошланганини таъкидлаган эди.
«Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Туркистон вилояти ҳокимига сув оқими тўхтаганини таъкидлаганди. Шунга қарамай сув нега ҳали ҳам келишда давом этаётганини билмаймиз», — деганди Сакен Калкаманов 3 май куни қилган чиқишида.