Фарғона шаҳрига кириб-чиқишни тақиқлаш тартиби 4 майдан бошлаб бекор қилинди. Вилоятда ташкил этилган ички карантин постлари фаолияти тугатилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Карантин сабаб фаолиятини вақтинча тўхтатган Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида маъмурий амалиёт инспекторлари томонидан фуқароларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Вилоят ИИБ вақтинчалик постлар фаолияти тўхтатилган бўлса-да, фуқароларни карантин қоидаларига қатъий амал қилиш борасида огоҳлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрида карантин тартиби юмшатилиб, таксилар фаолиятига рухсат берилганди. Шаҳарда, шунингдек, гўзаллик салонлари ва меҳмонхоналар ҳам фаолиятини бошлаган.