Вашингтонда КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмаган. Бу ҳақда Америка президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган брифинг вақтида маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Ҳеч ким буни тасдиқламади. CNN бу каби хабарлар билан чиқса, мен уларга унчалик ишонмайман», — дейди Трамп.

АҚШ президенти Ким Чен Иннинг соғлиғи чиндан ҳам ёмон бўлса, у ҳолда унинг соғайиб кетишига тилак билдирган.

Аввалроқ CNN телеканали АҚШ КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи жарроҳлик амалиётидан сўнг ёмонлашгани тўғрисидаги разведка маълумотларини ўрганаётганини маълум қилганди. Daily NK’нинг ёзишича, Ким Чен Инда 12 апрель куни юрак-қон томир тизимига боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Таъкидланишича, ҳозирда КХДР етакчиси соғлиғини қайта тикламоқда.

CNN’нинг маълумотларига кўра, Ким Чен Ин сўнгги марта 11 апрель куни оммага кўриниш берган. Шунингдек, у Ким Ир Сен туғилганига 108 йил тўлиши муносабати билан 15 апрелдаги маросимни ўтказиб юборган.