АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) Ўзбекистонга 400 минг доллар қийматдаги 131 320 килограмм хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини инсонпарварлик ёрдами сифатида тақдим қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилган.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Ушбу ижтимоий ёрдам Ўзбекистонда 35 минг нафарга яқин кам таъминланган аҳолининг эҳтиёжларига сарф қилинади ва 144 та ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилади.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Ушбу рўйхатга COVID-19 тарқалиши туфайли карантин хизматларини кўрсатаётган муассасалар, оғир даражадаги сил хасталиги билан курашаётган ва ёрдамга муҳтож беморлар, болалар уйлари ва психиатрик касалхоналар киритилган.

Тарқатиладиган жамланмада витаминлар ва минералларга бой қуруқ мева ва дуккакли экинлар ҳам мавжуд, улар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий уордам муассасаларига, шунингдек, кам таъминланган оилаларга тарқатилади.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

USAID халқаро дастури асосида 2009 йилдан бери Ўзбекистонга қарийб 3,2 миллион доллар қийматидаги 1163 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ушбу янги инсонпарварлик ёрдами АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирган 122 миллион долларлик узоқ муддатли сармояси ҳамда сўнгги 20 йил ичида кўрсатган бир миллиарддан ортиқ умумий ёрдамига асосланиб ташкиллаштирилган.

«Мазкур кўмак ‘Соғлом авлод учун’ халқаро хайрия жамғармаси  ва Американинг Resource and Policy Exchange, Inc. (RPX) нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади. ‘Соғлом авлод учун’ дастури Ўзбекистон Республикасида аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият олиб боради. RPX’нинг асосий мақсади озиқ-овқат ва дори-дармонлар шаклидаги техник ва номоддий ёрдам кўрсатиш орқали соғлиқни сақлаш стандартлари ва ахборот олиш имкониятларини яхшилашдан иборат», — дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси берган хабарда.

Аввал АҚШнинг коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга 848 минг доллар ажратиши кутилаётгани, АҚШнинг Ўзбекистонга COVID-19 коронавирусига қарши курашда қўшимча ёрдам кўрсатиши, Қўшма Штатларнинг Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун шахсий ҳимоя воситаларининг 2-партиясини топширгани ҳақида хабарлар берилганди.