«Дарё» мухбирининг хабар беришича, карантин вақтида почта алоқаси объектларида сақланиб турган почта жўнатмаларидан қўшимча ҳақ олинмайди. Бу ҳақда АОКА ҳузурида ташкил этилган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълумот бериб ўтди.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон почтаси» томонидан жисмоний ва юридик шахслар уларнинг номига келиб тушган почта жўнатмаларини етказиб бериш объектининг карантинга олингани туфайли етказиб бериш имкон бўлмаган ҳолларда ушбу почта жўнатмалари вақтинча почта алоқаси объектларида сақланади, бунда сақлаш учун қўшимча ҳақ олинмайди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан юборилган ва манзилларига етиб бормаган баъзи бир жўнатмалар карантин даври тугаганидан сўнг етказилиши хабар қилинди.
«Ўзбекистон почтаси АЖ почта алоқаси хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, фуқаролардан почта жўнатмаларини қабул қилмоқда. Мазкур қабул қилинган жўнатмалар ўз вақтида қабул қилиб олувчиларнинг манзили бўйича хизмат қиладиган почта алоқаси объектларига етказиб берилмоқда. Ҳозирги кунда баъзи бир шаҳар, туман ва маҳаллалар карантин ҳолатига ўтгани сабабли етказиб бериш хизматларида кечикишлар юзага келмоқда. Ушбу жўнатмалар сақланаётган жойида, шубҳасиз, қандай ҳолатда келган бўлса, ўша ҳолатда объектлардаги карантин муддати тугаганидан сўнг олувчиларга етказиб берилади».
Изоҳ (0)