Исроил ҳукумати мамлакатда Песах байрами кунлари, яъни 7–10 апрелда тўлиқ карантин эълон қилди. Бу ҳақда Қуддусдаги резиденцияда мамлакат бош вазири Бинямин Нетаньяху эълон қилган.

Фото: Getty Images

«Мамлакат миқёсида 7–10 апрель кунлари соат 16:00 дан жума куни 07:00 га қадар карантин эълон қилинади», — деган Исроил бош вазири.

Шунингдек, ҳукумат раҳбари эпидемиянинг бошланиши ҳам Пурим байрами вақтига тўғри келгани ва ўшанда 9 мартдан 10 мартга ўтар кечаси касаллик тарқалиши бошланганига эътибор қаратган.

«Бир ой аввал нима бўлганини ҳамма кўрди. Қайтариб айтаман: Песах Пурим байрамига айланмаслиги керак. Байрамни уйингизда оила аъзоларингиз билан нишонланг», — деган Нетаньяху.

Бош вазир нутқи давомида коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ижобий жиҳатлари ҳам кузатила бошлаганини билдирган. У Песах байрамидан кейин мамлакатдаги чекловлар босқичма-босқич олиб ташланишини қайд этган.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, энди чеклов меъёрлари мамлакат вазирлар маҳкамаси томонидан белгилаб берилади.

Исроил ҳукумати 10 март куни коронавируснинг мамлакатга кириб келишини олдини олиш мақсадида хорижлик туристларнинг давлат ҳудудига киришини чеклаб қўйганди. Кейинчалик аҳоли вакилларига уйдан чиқиш ҳам тақиқлаб қўйилди.

Бош вазир Нетаньяхунинг ўзи икки марта коронавирусга тест қилинган, иккала таҳлил натижаси ҳам салбий деб топилган.