Россия Фанлар академияси (РФА) мутахассислари томонидан янги турдаги коронавирус келтириб чиқарган COVID-19 касаллигини даволаш учун ишлатилиши мумкин бўлган учта дори воситаси ишлаб чиқилган. Бу ҳақда РФА вице-президенти, академик Владимир Чехонинга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Чехонин томонидан маълум қилинишича, бир неча йил олдин Россия Фанлар академияси Ураль филиалининг Органик синтез институтида вирусга қарши триазавирин дори воситаси ишлаб чиқилган. Мазкур дори уни коронавирус инфекциясини даволашда ишлатиш мумкинлиги жиҳатдан хитойлик мутахассисларни қизиқтирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ушбу дорининг фақат нафас олиш йўлларининг вирусли инфекциясини даволаш учун ишлатилиши мумкин бўлган ингаляцион шакли тайёр. Айнан мазкур дори COVID-19 инфекциясини даволаш учун янада мақбул бўлиши мумкин. Ушбу дори воситасини ихтисослаштирилган муассасаларга синовлар учун юборишга тайёр.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Органик синтез институти ва Москвадаги Зелиньский номидаги Органик кимё институти билан биргаликда РНК вируслари деб аталадиган инфекцияларни даволаш учун Японияда ишлаб чиқарилган вирусга қарши фавипиравирнинг Россия фармацевтика саноати синтез схемаси талабларига жавоб берадиган «жуда самарали» шакли яратилган. РНК вируслари қаторига ҳозирги конавирус ҳам киради. Россия Фанлар академияси вице-президентининг сўзларига кўра, у ҳам синовлардан ўтишга тайёр.

Бошқа бир дори, фортепрен, илгари Гамалей номидаги миллий эпидемиология ва микробиология марказида Органик кимё институти билан ҳамкорликда ҳайвонларда коронавирус инфекциясини даволашда ишлатиладиган фоспренил препаратига асосланган ҳолда яратилган.

«У клиник синовларнинг барча босқичларини босиб ўтди, яъни ҳатто одамларда ҳам синовдан ўтган. Фортепрен рўйхатдан ўтиш босқичида турибди, шундан кейингина COVID-19 га қарши унинг фаоллигини текшириш учун синовга топширилиши мумкин», — деди академик.

Чехониннинг сўзларига кўра, ушбу учта дори Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигида қизиқиш уйғотди ва бугунги кунда Фанлар академияси ҳамда Таълим ва фан вазирлигининг кимёвий бўлимлари фаолиятида устувор йўналишга айланди.

Унинг таъкидлашича, Россияда Фанлар академияси мутахассислари иштирокида янги инфекцияга қарши учта вакцина ишлаб чиқилмоқда. Новосибирскдаги «Вектор» илмий марказидан ташқари, МДУнинг биология факультетида, Шемякин ва Овчинников биоорганик кимё институтида, шунингдек, Вавилов номидаги Умумий генетика институтида ишлар олиб борилмоқда.

Россияда COVID-19 билан оғриган беморларнинг умумий сони 1534 кишига етди, уларнинг 1014 нафари Москвада қайд этилган. 64 киши тузалган, саккиз нафари вафот этган. Москванинг барча аҳолиси учун уй шароитида изоляцияланиш режими жорий этилди. Москва мэрияси коронавирус сабаб ишсиз қолган шаҳар аҳолисига 19,5 минг рублдан компенсация тўлайди.

Аввалроқ Россияда коронавирусни аниқлаш бўйича 2 та янги тест тизими яратилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Россия COVID-19 ни даволашда фойдаланиш мумкин бўлган препарат номини эълон қилган эди.

АҚШда COVID-19 коронавирусига қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича клиник синовлар бошланган, вакцина Вашингтондаги Саломатлик миллий институти томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, аввалроқ Британиядаги hVIVO тадқиқот гуруҳининг коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва шунга ўхшаш вирусни юқтириш дастурида иштирок этишга 20 мингдан ортиқ одам рози бўлгани ҳақида маълум қилинганди.