Италияда COVID-19 пандемияси сабабли жорий этилган карантин қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилди. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда матбуот анжуманида бош вазири ўринбосари Жузеппе Конте маълум қилган.
«Биз коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича жорий этилган карантин қоидаларини бузганлик учун жаримани 400 евродан 3 минг еврогача оширишга қарор қилдик», — деган Конте.
Шундай қилиб жарима миқдори аввалгисидан 10 бараварга ошди. Аввалроқ 206 евро миқдорида жарима ундирилган.
Италия ТИВ маълумотларига кўра, мамлакатда карантин қоидаларини бузиш бўйича 60 мингта ҳолат аниқланган. Контенинг сўзларига кўра, чеклов чоралари ҳақидаги қарор ҳукумат ваколати доирасида амалга оширилган. У маҳаллий бошқарув органларига умумий қоидалар доирасида алоҳида кучайтирилган чоралар кўришга рухсат берган.
Сўнгги сутка давомида Италияда коронавирусдан 743 киши вафот этди. Умумий ҳисобда Италияда вирусдан вафот этганлар сони 6 820 кишига етди. Шу билан бирга, касалликдан тузалганлар сони 894 кишидан 8 326 кишигача ошган.
Ўтган бир сутка ичида дунё бўйлаб қарийб 40 минг кишида коронавирус аниқланди. Пандемия бошлангандан буён коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 372 757 кишига етган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, беморлар сони кўплиги бўйича юқори бешликдан Хитой, Италия, АҚШ, Испания ва Германия жой олган.
Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 55 кишига етди. Тўрт беморнинг аҳволи оғир.
Изоҳ (0)