Москвада коронавируснинг енгил аломатлари аниқланган беморлар уй шароитида даволанишлари мумкин. Бу ҳақда Москва Соғлиқни сақлаш департаменти томонидан тасдиқланган COVID-19ни даволаш тўғрисидаги регламентда сўз боради.
Мазкур регламент 30 мартга қадар амалда бўлади. Унга кўра агарда беморнинг тана ҳарорати 38,5 даражадан паст, нафас олиш тезлиги дақиқасига 30 дан кўп, қоннинг кислород билан тўйинганлиги 93 фоиздан ортиқ, нафас олиш жараёни эркин бўлса, бу каби бемор енгил касалланган ҳисобланади.
Юқоридаги аломатларнинг бирортаси нормадан ортиқ бўлса, бемор шифохонага жўнатилади. Шунингдек, у хавф остида бўлган гуруҳга кирса (65 ёшдан ошган, сурункали касалликлар, ҳомиладорлик) ёки хавф остида бўлган одамлар билан яшаса касалхонага ётқизилади.
Уйда даволаниш пайтида уларга лопинавир ва ритонавир, кўп миқдордаги суюқлик ва иситма туширувчи дорилар ичиш буюрилмоқда. Беморларда ҳеч қандай аломатлар кузатилмаса ва икки марта коронавирусга топширган тестлари қониқарсиз чиқса, тузалган ҳисобланади. Тестлар ораси камида 48 соатни ташкил этади.
Аввалроқ россиялик бойлар оммавий равишда ўпкага сунъий нафас етказиб берувчи аппаратлар сотиб олаётгани ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда 495 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, уларнинг 290 нафари Москва шаҳрида.
Эслатиб ўтамиз, 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон коронавирус сабаб авиа ва автоқатновларни тўхтатди. Хориждаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш бўйича чартер рейслар амалга оширилади. Uzbekistan Airways 24 март куни Тошкент—Москва—Тошкент йўналиши бўйича чартер қатновларни амалга оширди.
Изоҳ (0)