Франциянинг Бальма шаҳрида яшовчи фуқаро ўз уйининг етти метрли балконида марафон югурди, деб хабар беради Daily Mail.

Фото: D1softballnews

32 ёшли Элиша Ночомовиц ўз квартирасининг балкони бўйлаб 42,2 километр югурди. У 6 соат 48 дақиқа давомида югуриб, балконни салкам 6 минг маротаба айланиб чиққан. Бу орқали у коронавирус инфекцияси оқибатида изоляцияга тушиб қолганда ҳам севимли машғулоти билан шуғулланишга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслигини кўрсатиб беришга уринган.

Ҳаваскор-спортчи югургани тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Ночомовиц марафон вақтида унга сув ва M&Ms олиб келиб турган суюклисига миннатдорчилик билдирган. У неча марта айланиш кераклигини унутиб юборган бўлса-да, шагометр қадамларни санашни давом эттираверган. Спортчининг тан олишича, ҳадеб бурилаверганидан кўнгли айниб кетган.