Жаҳон бозорида бир баррель нефть нархи яқин икки ҳафта ичида 25-30 долларгача тушиб кетиши мумкин. Бу ҳақда «БКС Премьер» компанияси бош таҳлилчиси Сергей Суверовга таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, бозордаги мувозанат углеводородлар қиймати учун салбийлигича қолмоқда, шу сабабли нефть нархи тушишда давом этади. Суверовнинг таъкидлашича, 17 март, сешанба куни, нефтнинг халқаро нархи 5 фоизга кўтарилиши «техник қайтиш», холос.
«Бундан ташқари, АҚШнинг стратегик захира учун нефть сотиб олиши, шунингдек, Хитойда нефтга нисбатан талабнинг кутилганидан-да секинлик билан қайта тикланиши ҳам жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин», — дейди мутахассис.
«Агар апрель ойида Саудия Арабистони нефть қазиб олишни суткасига 13 миллион баррелга етказса, боз устига Россия суткасига қазиб олаётган 300-500 минг баррель қўшилса, шу вақтда коронавирусга қарши чоралар сабаб талаб тушиб кетса, нарх 25 доллардан ҳам пасайиб кетиши мумкин. Ижобий ўзгаришлар ҳам бор, масалан, Хитой секин-аста оёққа турмоқда, бироқ бошқа мамлакатларда қаттиқ чекловлар сақланиб қоладиган кўринади», — дейди «Райффайзенбанк» таҳлилчиси Андрей Полишук.
Полишукнинг фикрича, ёзга бориб иқтисодий вазият барқарорлашади, жаҳондаги талаб қайта тикланади, аммо нарх аввалги ҳолига қисман қайтади, холос. Унинг таъкидлашича, 2020 йил охирига қадар бир баррель нефть нархи 30-40 доллар атрофида сақланиб қолади.
Мавзуга доир: Дунёдаги нефть нархининг тушиши оқибатларига қарши курашиш учун Қозоғистонда махсус штаб тузилди
Изоҳ (0)